Украинанинг дрон ҳужумидан сўнг Приморск порти яқинида нефть тўкилди
Олам
−
13 Сентябрь 2025 4958 2 дақиқа
Украина учувчисиз самолётлари Болтиқ денгизидаги Россиянинг Приморск портига урилганидан кейин нефть тўкилиши содир бўлди. Финляндия кўрфазида нефть тўкилишига ўхшаш камида иккита нуқта кўринади. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, “Қрим шамоли” мониторинг гуруҳи хабар берди.
“Уларнинг майдони кичик. Доғлардан бири кеча Украина учувчисиз самолётлари ҳужуми пайтида шикастланган “Кусто” танкери яқинида жойлашган. Иккинчи танкер Cai Yun ҳам яқин атрофда бўлган ва у ҳам кеча портда бўлган”, дейилади мониторинг гуруҳи ҳабарида.
“Reuters” хабарига кўра, Украина учувчисиз самолётларининг Приморскка ҳужуми оқибатида Россия Федерациясининг ғарбий қисмидаги муҳим нефть портида биринчи марта юк ташиш тўхтатилган. Агентликнинг саноат манбалари ва Украина ҳарбий хизматчиларига таяниб хабар беришича, зарбалар оқибатида иккита танкер ёниб кетган. Шикастланган кемалар Россия Федерациясининг “соя флоти” таркибига киради ва Сейшель оролларида рўйхатга олинган.

Ленинград вилоятининг Приморск шаҳрига ҳужум 12 сентябрга ўтар кечаси содир бўлди. Вилоят губернатори Александр Дрозденко минтақа узра 30 дан ортиқ дрон йўқ қилингани, шунингдек, битта кема ва насос станциясида ёнғин содир бўлганини маълум қилди.
“Нефть тўкилиши хавфи йўқ”, дея қўшимча қилди губернатор.
Кейинроқ Украина Хавфсизлик хизмати Приморск портига дронлар ёрдамида тунда зарба бергани, ёнғин келиб чиққани ва юк ортиш ишлари тўхтатилганини маълум қилди.
Виборг туманида жойлашган Приморск порти Болтиқбўйи қувурлари тизимининг сўнгги нуқтасидир. Бу порт орқали Украинага қарши урушни давом эттираётган Россия, санкцияларга қарамай, Болтиқ денгизи орқали нефть хомашёси ва дизель ёқилғисини танкерлар билан экспорт қилмоқда. Порт ҳудудида 50 минг тонна сиғимга эга 18 та захира танки мавжуд. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бу Россиянинг асосий нефть юклаш порти бўлиб, унинг юк айланмаси йилига 58 миллион тоннани ташкил қилади.
Live
Барчаси