БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ қўллови билан Қатарга ҳужумни қоралади
Олам
−
12 Сентябрь 2025 3179 3 дақиқа
БМТ Хавфсизлик Кенгаши кеча, 11 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳага яқинда қилинган ҳужумларни қоралади, аммо қабул қилинган баёнотда Исроил тилга олинмади. Баёнот 15 давлатнинг барчаси, жумладан, Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ томонидан маъқулланди.
Исроил 9 сентябрь куни ҲАМАСнинг сиёсий етакчиларини йўқ қилишга ҳаракат қилди, бу эса унинг ҳарбий ҳаракатларини кучайишига олиб келди. АҚШ бу ҳужумни “бир томонлама” деб атади ва уни АҚШ ҳамда Исроил манфаатларига хизмат қилмайди, дея таъкидлади.
“Бу зарба бу ердаги барчага аниқ хабар юбориши керак: террористлар учун ҳеч қандай паноҳ йўқ, на Ғазода, на Теҳронда ва на Доҳада. Террористлар учун ҳеч қандай иммунитет йўқ. Террор етакчилари қаерда яширинишмасин, биз уларга қарши ҳаракат қиламиз”, деди Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон ҳужумга бағишланган Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида.
АҚШ одатда Исроилни БМТда ҳимоя қилади. Бироқ Хавфсизлик Кенгаши баёнотини қўллаб-қувватлаши – у фақат консенсус билан қабул қилиниши мумкин – Президент Дональд Трампнинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу томонидан қилинган ҳужумдан норозилигини кўрсатди.
“Кенгаш аъзолари кескинликни пасайтириш муҳимлигини таъкидлади ва Қатар билан бирдамлик билдирди. Улар Қатарнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини алоҳида қайд этдилар”, дейилади Британия ва Франция томонидан тайёрланган баёнотда.
Кенгаш томонидан қаттиқ қораланган Доҳа амалиёти, айниқса, сезгир масала бўлди, чунки Қатар Ғазодаги урушда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга мезбонлик қилиб, воситачилик қилиб келаётган эди.
“Кенгаш аъзолари ҲАМАС томонидан гаровга олинганганларни озод қилиш, уруш ва Ғазодаги азоб-уқубатларга барҳам бериш энг устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади”, дейилади баёнотда.
Қатар Исроилни музокараларни издан чиқаришда айблади
Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдурахмон Ол Соний Исроилни Доҳада ҲАМАС етакчиларига ҳужум қилиш орқали Ғазо урушига чек қўйиш бўйича ҳаракатларни издан чиқаришда айблади, аммо воситачилик ишларини давом эттиришга ваъда берди.
“Музокаралар билан банд бўлган пайтимизда ҳудудимизга ҳужум қилиш – Исроилнинг ҳақиқий ниятларини очди. У тинчликка эришиш имкониятини йўққа чиқаришга ҳаракат қилмоқда. У фаластинликлар азобини абадийлаштиришни истамоқда. Бу, шунингдек, ҳозир Исроилда ҳукм сураётган экстремистлар асирларни қайтаришни устувор вазифа деб билмаслигини кўрсатди. Бу улар учун муҳим эмас”, деди у кенгашда.
Покистон ҳам Исроил учун ҲАМАС томонидан ушлаб турилган асирларни озод қилиш устувор масала эканлигига шубҳа билдирди.
“Яққол кўриниб турибдики, босқинчи куч – Исроил тинчликка эришишнинг ҳар қандай имкониятини йўқ қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда”, деди Покистоннинг БМТдаги элчиси Асим Ифтихор Аҳмад.
АҚШнинг БМТдаги вақтинчалик элчиси Дороти Шеа эса шундай деди:
“Ҳеч бир аъзо бу вазиятдан Исроилнинг асирларни уйига қайтаришга бўлган садоқатини шубҳа остига қўйиш учун фойдаланиши тўғри эмас”.
У Трампнинг ушбу ҳужум ҳақидаги баёнотини такрорлаб, бу зарбалар АҚШ ёки Исроил мақсадларига хизмат қилмаслигини таъкидлади, бироқ “ушбу нохуш воқеага қарамай” бу тинчлик учун имконият сифатида хизмат қилиши мумкинлигини қўшиб қўйди.
Жазоир норозилик билдирди
Жазоир Хавфсизлик Кенгаши баёноти кучлироқ бўлмаганидан афсус билдирди.
“Зўравонлик яна зўравонликка олиб келади. Жазосизлик урушни келтиради. Халқаро ҳамжамиятнинг, айниқса, шу Хавфсизлик Кенгашининг сукути – беқарорликни кучайтиради. Бу кенгаш ҳали ҳам чекланган, агрессорни номи билан аташга ҳам, ҳужумни халқаро ҳуқуқ бузилиши сифатида баҳолашга ҳам ожиз”, деди Жазоирнинг БМТдаги элчиси Амар Бенжама.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, 1200 кишини ўлдирди ва тахминан 251 кишини асирга олди. Исроилнинг Ғазога ҳужумида давомида эса маҳаллий соғлиқни сақлаш органларига кўра, 64 мингдан ортиқ киши – асосан тинч аҳоли – ҳалок бўлди.
Live
Барчаси