Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари геноцид мезонларига мос келади – IAGS
3-саҳифа
−
02 Сентябрь 2025 2746 2 дақиқа
Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари геноцид мезонларига мос келади. Бу ҳақда кеча, 1 сентябрь куни Халқаро геноцид тадқиқотчилари ассоциацияси (International Association of Genocide Scholars – IAGS) олимлари эълон қилган баёнотда сўз боради.
“Исроил ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган”, дейилади 500 дан ортиқ аъзоси бўлган илмий бирлашма қабул қилган резолюцияда.
Ҳужжат кўпчилик овози билан тасдиқланган. Унда 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС амалга оширган ҳаракатлар халқаро ҳуқуққа кўра жиноят экани таъкидланади. Уларга жавобан Исроил ҳукумати эса “инсониятга қарши кенг кўламли ва тизимли жиноятлар, ҳарбий жиноятлар ва геноцид содир этган, жумладан, тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига атайлаб ҳужум қилган”.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, Исроил ҳукумати атайлаб қишлоқ хўжалиги ерлари ва озиқ-овқат омборларини йўқ қилган, гуманитар ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилган ва бу чоралар “чидаб бўлмас яшаш шароитларини яратиш”га қаратилган.
Олимлар, шунингдек, Исроил Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва ҳарбийларнинг баёнотларини келтирган. Улар фаластинликларни “инсонсифат ҳайвонлар” деб атаб, исроилликларни Ғазо секторини “дўзахга айлантириш”да айблаган.
Маълумот учун, Халқаро геноцид тадқиқотчилари ассоциацияси – геноциднинг кўриниши, сабаблари ва оқибатларини ҳамда уни олдини олиш чораларини ўрганишга қаратилган Американинг халқаро нодавлат ташкилоти ҳисобланади. Унга 1994 йилда асос солинган.
Қайд этиш жоиз, Ғазодаги уруш оқибатида 2023 йил 7 октябрдан буён камида 63 557 фаластинлик ҳалок бўлган, 160 660 киши эса яраланган. Шу санадан бери сектордаги блокада фонида очликдан ҳалок бўлганлар сони 339 кишига етган. Шундан 124 нафарини болалар ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 август куни Исроил армияси Ғазони эгаллашни бошлаган эди. Исроил хавфсизлик кенгаши ҲАМАС гуруҳини “тор-мор қилиш” ва Ғазони назоратга олиш режасини маъқуллаган. Бу қарор Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари йиғилишидан сўнг, халқаро ҳамжамиятнинг урушни тўхтатиш ҳақидаги чақириқлари ва ҲАМАС қўлида сақланаётган гаровдагилар тақдири учун хавотир билдирган Исроил фуқароларининг норозиликларига қарамай қабул қилинган.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025