Путин ва Си Цзиньпин янги дунё тартибини илгари сурди
Олам
−
01 Сентябрь 2025 7862 3 дақиқа
Бугун, 1 сентябрь куни Хитой раиси Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этган етакчиларни “улкан бозорларидан” фойдаланишга чақирди, Россия Президенти Владимир Путин эса Сининг янги глобал хавфсизлик ва иқтисодий тартиб яратиш йўлидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ташаббус АҚШ учун жиддий чақириқ ҳисобланади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро муносабатларнинг янги турига намуна бўлди. Биз дунёда тенг ва тартибли кўпқутблиликни, инклюзив иқтисодий глобаллашувни қўллаб-қувватлашимиз ва адолатли ҳамда тенг ҳуқуқли глобал бошқарув тизимини қуришни илгари суришимиз керак. Биз улкан бозор имкониятларидан фойдаланиб, савдо ва инвестицияларни енгиллаштириш даражасини оширишимиз зарур”, деди Си шимолий Хитойнинг Тяньцзинь порт шаҳрида ўтказилаётган икки кунлик саммитнинг очилиш маросимида 20 дан ортиқ дунё етакчиларига қилган нутқида.
Си Цзиньпин ШҲТ аъзоларини энергетика, инфратузилма, фан ва технология ҳамда сунъий интеллект каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга чақириб.
Путиннинг айтишича, бу тузилма “ҳақиқий кўптомонлама ҳамкорликни” тиклади ва ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.
“Бу эса Евроосиёда барқарорлик ва хавфсизликнинг янги тизимини шакллантириш учун сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий пойдевор яратади. Бу хавфсизлик тизими Европа ёки Евроатлантика моделларидан фарқли ўлароқ, ҳақиқатан ҳам кўп сонли давлатлар манфаатларини ҳисобга олади, мувозанатли бўлади ва бир давлатнинг ўз хавфсизлигини бошқалар ҳисобидан таъминлашига йўл қўймайди”, деди у.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳамда Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан борган бошқа етакчилар очилиш маросимида иштирок этди. Бу “Глобал Жануб” давлатлари ҳамжиҳатлигининг катта намойиши сифатида баҳоланди.
Си ташкилот ҳамкорларини “Совуқ уруш тафаккури ва блокларга бўлиниш”га қарши туришга ҳамда кўпқиррали савдо тизимларини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу гап АҚШ Президенти Дональд Трампнинг божхона урушига ишора сифатида қабул қилинди. Бу сиёсат айниқса Ҳиндистон каби ривожланаётган иқтисодларга салбий таъсир кўрсатмоқда: ўтган ҳафта Ҳиндистон экспортига 50%лик бож жорий қилинган эди.

Си бу йил ташкилот аъзоларига 2 миллиард юан (280 миллион доллар) бепул ёрдам ва яна 10 миллиард юан кредитни ШҲТ банк консорциумига тақдим қилишини билдирди.
Кеча, 31 август куни учрашув доирасида сўзлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Хитойнинг глобал кўпқирралиликни қўллаб-қувватлашда “фундаментал” роль ўйнаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Пекин саммитдан Хиндистон билан муносабатларни яхшилаш имконияти сифатида ҳам фойдаланди. Моди (ўтган етти йилда илк бор Хитойга ташриф буюрган) ва Си 31 август куни мамлакатлари рақиб эмас, балки ривожланиш ҳамкорлари экани ҳақида келишиб олди ҳамда жаҳон божхона беқарорлиги шароитида савдо муносабатларини яхшилаш йўлларини муҳокама қилди.

Маълумот учун, ШҲТ терроризм ва Афғонистондан келаётган наркотрафик таҳдидларига қарши курашиш мақсадида минтақавий хавфсизлик блоки сифатида тузилган. Унинг расмий тиллари хитой ва рус тиллари ҳисобланади. Штаб-квартираси Пекинда жойлашган бу Евроосиё блоги ҳозирда 10 та аъзо давлатни ўз ичига олади. Унинг икки кузатувчи давлати – Афғонистон ва Мўғулистон ҳамда 14 та мулоқот ҳамкорлари бор. Сўнгги йилларда блокнинг вазифалари Ғарбга қарши мувозанат сифатида иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорликни ҳам ўз ичига олиб кенгайди. Ўтган йилги икки кунлик саммитда Путин ШҲТ “адолатли, кўп қутбли жаҳон тартиби”нинг асосий устунига айланганини айтган, Си эса Россия билан икки томонлама алоқаларни олқишлаган эди.
Live
Барчаси