Ғазода яна ёрдам олмоқчи бўлганлар ўққа тутилди

Олам

image

Сўнгги 24 соат ичида Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 66 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.

Маълум қилинишича, вафот этганлар орасида инсонпарварлик ёрдамини кутаётган тинч аҳоли вакиллари ҳам бор. Нашрга кўра, “улар очликдан ўлмаслик учун ёрдам илинжида ташқарига чиққан ва дайди ўқларнинг қурбонига айланган”. 

Шифокорлар ва гувоҳларнинг маълумотига кўра, Ғазо шаҳрининг марказидаги Ваҳдет кўчасида уюштирилган зарбада уч тинч аҳоли вафот этган. Шунингдек, шимолдаги Шайх-Ридвон ҳудудида бир гуруҳ ғазоликлар ўққа тутилган. Зарқа ҳудудидаги уйга қилинган ҳужумда ҳам бир неча киши жароҳат олган.

Қолаверса, Ғазонинг Зиким ҳудудида ёрдам кутиб турган тўққиз фаластинлик исроилликларнинг ҳужумидан ҳалок бўлган. Шимолий, жанубий ва марказий ҳудудларга уюштирилган бошқа зарбаларда эса 49 киши жон берган. 

Бундан ташқари, марказдаги Нусейрат қочқинлар лагери яқинидаги уйга қилинган авиазарбада беш киши ҳалок бўлган.

Охирги пайтлар бу каби ҳолатлар Ғазода тез-тез содир бўлмоқда. Исроил кучлари овқат, ёрдам олишга интилган ғазоликлардан “хўрак” сифатида фойдаланиб келади. Гуманитар ёрдам эса минтақа аҳолисининг энг сўнгги умидларидан бири. Май ойидаги охирги таҳлиллардан бери, 2025 йилнинг июнь ойига қадар ҳудуддаги озғинликдан ўлим хавфи юқори бўлган болалар сони 14 минг 100 нафардан 43 минг 400 нафаргача ошган. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар орасида ҳам ҳолат кескин ёмонлашгани айтилади. Май ойида 17 минг деб баҳоланган ҳолат, 2026 йилнинг ўртасига бориб 55 минггача кўпайиши кутиляпти. 

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари бошланганидан бери деярли 63 минг киши, асосан аёллар ва болалар уруш қурбонига айланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 500 дан ортиқ ходими БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Бош котиб Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олишни талаб қилганди. Фолькер Тюрк ходимларнинг норозилигини яхши тушунишини билдирган. Гутерриш ҳам уни қўллаб-қувватлаган, аммо расмий равишда “геноцид” деб аташ фақат Халқаро суд ваколатида эканини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо Шайх-Ридвон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг