Германия ЕИнинг Исроилга қарши санкцияларига қарши чиқди
Олам
−
30 Август 2025 3697 1 дақиқа
Германия Ғазо секторидаги ҳалокатли гуманитар вазият фонида Европа Иттифоқининг Исроилга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлашга ҳозирча тайёр эмас. Бу ҳақда бугун, 30 август куни Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль маълум қилди.
Еврокомиссия Исроил компанияларининг илмий тадқиқотларини молиялаштиришни тўхтатиб қўйишни таклиф қилди, бунда Европа Иттифоқи экспертларининг хулосасига таяниб, Исроилнинг минтақадаги ҳаракатлари инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Иттифоқи ва Исроил ўртасидаги келишувни бузади.
Бироқ, Вадефулга кўра, бундай чоралар Исроилнинг Ғазо секторидаги сиёсий қарорлари ва ҳарбий ҳаракатларига таъсир қилиши даргумон.
“Шунинг учун Германия бу ташаббуснинг тўғрилигига ишончи комил эмас”, деб тушунтирди вазир.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг айтишича, Берлин бунинг ўрнига Исроилга қурол етказиб беришни чекламоқда.
“Мен буни жуда мақсадли, муҳим ва зарур чора, деб биламан”, деди у.
Европа Иттифоқи давлатлари Ғазодаги уруш ва минтақада кучайиб бораётган гуманитар инқирозга қандай муносабатда бўлиш борасида иккига бўлинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 500 дан ортиқ ходими БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Бош котиб Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олишни талаб қилди.
Live
Барчаси