Туркияда алданган ўзбекистонлик аёл ортга қайтарилди
Жамият
−
24 Август 7344 2 дақиқа
Туркияда юқори даромадли ишга алданиб, оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам берилди ва у ортга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида яшаб келган ва оилавий низолардан узоқлашишни истаган ушбу аёл Туркияга борган. Ижтимоий тармоқларда ўзини муваффақиятли тадбиркор сифатида танитган Истанбулда яшовчи эркак аёлга малака ва тил билими талаб қилинмайдиган, юқори маошли ишни ваъда қилиб, уни ишчи визасисиз у ерга олиб борган. Аммо кейинчалик йўл харажатлари учун қарздорлигини айтиб, унинг паспортини олиб қўйган ва оғир шароитларда ишлашга мажбурламоқчи бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан консулхонага келиб тушган мурожаат асосида дипломатик ваколатхона ҳамда Миграция агентлигининг Туркиядаги вакиллиги томонидан тезкор чоралар кўрилган. Олиб борилган тадбирлар натижасида фуқаро соғ-омон ҳолда Ўзбекистонга қайтарилган. Шу билан бирга, ёлғон ваъдалар бериб, уни алдашга уринган шахснинг ҳаракатлари юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига тегишли маълумот тақдим этилган.
“Азиз Ватандошлар! Хориждаги “осон пул” ва ёлғон ваъдаларга алданиб, ҳаётингизни хавф остига қўйманг. Яқинларингиз қадрига етинг ва ҳар қандай муаммони қонуний йўл билан ҳал этинг”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида мушкул аҳволда қолган ўзбекистонликлар доимий яшаш манзилига қайтарилганди.
Live
Барчаси