Россия мактабларига мигрант болаларнинг қабули кескин камайди
Олам
−
20 Август 2025 2119 2 дақиқа
Россия мактабларига қабул кампанияси якунланмоқда. Давлат Думасининг спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида дастлабки натижаларни эълон қилди.
Унинг айтишича, қонунга мувофиқ, мигрантларнинг фарзандлари рус тилини билмасдан, шунингдек, ота-онанинг мамлакат ҳудудида қонуний бўлиши тасдиқланмаган тақдирда мактабларга қабул қилинмайди.
“Бошланғич ва ўрта синфларга қабул натижалари бир қатор ҳудудларда хорижий фуқаролар болаларининг ўқишга қабул қилиниши сезиларли даражада қисқарганини кўрсатмоқда”, дейди Володин.
У бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлганини маълум қилди:
- тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги ёки ёлғонлиги, жумладан, Россияда қонуний яшашни тасдиқловчи ҳужжатнинг йўқлиги;
- рус тилидан тест синовларини қониқарсиз топшириш.
Масалан, Нижегород вилоятида хорижий фуқаролар томонидан мактабга қабул учун топширилган аризалар сони қарийб 10 баравар, Воронеж вилоятида эса 7 баравар камайган. Калуга вилоятида 91 мигрант боладан 55 нафари рус тилини етарли даражада билишини тасдиқлай олмаган, Свердловскда 66 дан 53 нафари, Тула вилоятида 62 дан 32 нафари, Коми Республикасида 14 дан 11 нафари, Қрим Республикасида эса 10 дан 4 нафари тестдан ўта олмаган. Татаристонда эса ҳар ўнинчи хорижлик бола имтиҳондан йиқилган.
Володиннинг сўзларига кўра, рус тилини билмаслик ўқув жараёнига ҳам, ўқувчининг синф жамоасига мослашувига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг январидан бошлаб таълим бошқаруви органлари билан Ички ишлар вазирлиги ўртасида мигрант болалар ва уларнинг оилалари ҳақида автоматик маълумот алмашиш тизими ишга тушади. Бу Россияда яшаётган чет эллик фуқароларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш самарадорлигини ошириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Россия Президенти Владимир Путин рус тилини билмайдиган мигрант болаларнинг мактабларда ўқишини тақиқловчи қонунни имзолаганди. Ушбу лойиҳа чет эл фуқаролари фарзандларининг Россия таълим тизимида ўқиши, шу жумладан, тил диагностикаси ва мослаштириш дастурларини ўрганишига қаратилган. Мониторинг Россия Таълим вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб мигрантларнинг болалари мактабларга қабул қилинишидан олдин рус тили бўйича тест топшириши жорий этилган.
Live
Барчаси