АҚШ ва Европа Украина учун хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишни бошлади
Олам
−
19 Август 3250 2 дақиқа
АҚШ ва Европа мамлакатлари Киев учун хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишга киришди. Бу ҳақда “Bloomberg” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, хавфсизлик кафолатлари Украинага армиясини ва мудофаа салоҳиятини ҳеч қандай чекловларсиз мустаҳкамлаш имконини бериши керак. Нашрнинг ёзишича, муаллифлар Россиянинг Украина Қуролли кучлари сонини чеклаш ҳақидаги талабларини четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
Россия илгари Истанбулдаги музокараларда Украинага меморандум тақдим этган эди. Унда Қуролли кучлар сонини чеклаш, мамлакатнинг нейтраллиги ва бошқа давлатларнинг ҳудудда ҳарбий фаолият юритишини тақиқлаш назарда тутилган. Киев бу шартларни “ультиматум” деб атаган.
Путин Трамп билан Аляскадаги учрашувдан сўнг, Украинага хавфсизлик кафолатлари берилиши зарурлигини тан олган, аммо бунга Россия хавфсизлиги ҳам таъминлангандагина рози бўлишини таъкидлаган. Зеленский билан учрашув бўйича эса Путин “маълум шароитлар” кераклигини қайд этган.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Европа “кўнгиллилар коалицияси” деб аталувчи, 30 дан ортиқ давлатни ўз ичига олган гуруҳ тажрибасидан фойдаланади. Улар келгусида Украинага кўп миллатли кучлар орқали хавфсизлик кафолатлари беришни режалаштирмоқда, бироқ аниқ формат ҳали белгиланмаган.
“The Wall Street Journal” маълумотига кўра, хавфсизлик кафолатлари тўрт йўналишни ўз ичига олади – ҳарбий мавжудлик, ҳаво мудофааси, қурол-яроғ ва оташкесимни назорат қилиш. АҚШ бевосита қўшин юбормасдан, Европа “тинчликпарвар кучлари”га билвосита ҳарбий ёрдам бериши мумкин.
Маълумот учун, кеча, 18 август куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина Президенти ва Европа етакчилари билан учрашувдан сўнг, Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашувига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасидаги музокаралар Венгрияда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси