ИИО ходимлари 20 ёшли йигитни “багаж”да олиб кетмоқчи бўлдими? (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. QALAMPIR.UZ ихтиёрига келиб тушган видеода ушбу можаро давомида ИИО ходимлари 20 ёшли йигитни машина юкхонасида олиб кетишга уринаётгани акс этган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 16 август куни тахминан соат 21:40 ларда Олмазор тумани Қорақамиш 1/3 даҳасида тунги хизматга жалб қилинган профилактика инспектори Ш.Қурбонов ва патруль-пост хизмати инспектори А.Мамадалиевлар хизмат олиб бораётган вақтида шубҳали шахсларни кўрган. 3 нафар фуқаро йўл четида тўхтаб турган Malibu русумли автомашина ойнасининг қорайтирилган плёнкасини шилаётгани сабабли ИИО ходимлари улардан автомашинанинг эгаси кимлигини суриштириб, ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. 

ИИББнинг билдиришича, 2005 йилда туғилган У.М. ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, автомашина эшигини қулфлаб, ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим этмай, уларга фаол қаршилик кўрсатган ва воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилган. ИИО ходимлари томонидан У.М. қўлга олингандан сўнг автомашинанинг салон қисмига ўтқизилган ва туман ИИО ФМБга олиб борилган.

Текширув жараёнида автомашина У.М.нинг акаси Р.М.га тегишли экани аниқланган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан У.М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида ИИО ходимлари ҳамда 15 ва 10 ёшли болалар ўртасида можаро бўлган эди. Бунга ИИО ходимлари қидирувда бўлган шахсга оид эълонни ёпиштираётган пайтда қидирувдаги шахснинг фарзанди воқеа жойига келиб, эълонларни юлиб ташлаб, ходимларга халақит қилгани сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ИИО ходимлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг