Ўқитувчиларнинг ойлиги 2 баробарга кўтарилди. Қозоғистонда!
Олам
−
15 Август 2025 7186 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳокимиятга энди фақат билимли ва малакали инсонлар келишини, лавозим беришда уларнинг билими ва касбий маҳорати биринчи ўринга қўйилаётганини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 15 август куни ўтказилган “Билим келажаги – ҳалол фуқаро, профессионал мутахассис” мавзусидаги конференциясида сўз очди.
Президент конференцияда ўқитувчиларни “миллат чироғи” деб атаган ва уларнинг ёш авлод тарбиясидаги улкан хизматини эътироф этган. У мустақил ва адолатли жамият қуришда таълим-тарбия соҳасининг ўрни беқиёс эканини таъкидлаган. Давлат раҳбари ҳокимиятга энди фақат билимли ва малакали инсонлар келишини, лавозим беришда уларнинг билими ва касбий маҳорати биринчи ўринга қўйилаётганини қайд этган.
Тўқаевга кўра, 2019 йилдан буён таълим бюджети уч баробарга ошган, 1200 дан ортиқ янги мактаб қурилган, ўқитувчилар маоши икки баробарга кўтарилган. Юзлаб мактаблар замонавий инфратузилма билан таъминланиб, қишлоқ ва шаҳар ўқувчилари учун имкониятларни тенглаштириш ишлари давом этмоқда.
Президент таълим сифатини ошириш, уни тарбия билан уйғунлаштириш, ёшларни наркотик, қимор, зўравонлик, интернетдаги зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, мактабларни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини ўқув дастурларига киритиш зарурлигини айтган.
Шунингдек, ўқитувчиларни ортиқча ишлардан озод қилиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноҳақ жавобгарликка тортилишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаган. Давлат раҳбари устозлар жамиятнинг энг ҳурматли қатламига айланиши учун барча чоралар кўрилишини билдирган. Нутқ якунида Тўқаев бир гуруҳ педагогларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзолаган ва янги ўқув йилида барча устозларга муваффақият тилаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев баъзи сиёсий етакчилар ChatGPT сунъий интеллектидан фойдаланиб, нутқларини ёзаётгани ҳақида ҳазил қилганди.
Live
Барчаси