Озарбайжон Украинага қурол етказиб бериши мумкин
Олам
−
11 Август 2025 5250 1 дақиқа
Россия армияси Украинадаги Озарбайжон газ иншоотларига ҳужум қилишда давом этса, Баку Киевга қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Caliber” хабар берди.
Манбага кўра, кеча, 10 август куни Озарбайжон ва Украина Президентлари Илҳом Алиев ва Владимир Зеленский ўртасидаги телефон мулоқоти чоғида Россия Қуролли кучларининг Озарбайжон гази транзит орқали ўтиладиган Украина газ инфратузилмасига берган зарбалари муҳокама қилинган. Бундан ташқари, SOCAR'нинг Одессадаги Озарбайжон нефть базасига зарба берилгани хабар қилинган.
Шунингдек, таъкидланишича, россияликлар сўнгги пайтларда Украина ҳудудида жойлашган Озарбайжон энергетика объектларига атайлаб зарба бермоқда. Агар объектларга ҳужумлар тўхтамаса, Баку бунга жавобан оғриқли чоралар кўради.
8 августга ўтар кечаси Россия Одесса вилоятидаги Озарбайжоннинг SOCAR нефть компаниясининг нефть омборига ҳужумчи дронлари билан зарба берди. Ҳужум оқибатида ёнғин келиб чиққан, дизел ёқилғиси қувури шикастланган, жабрланганлар ҳақида хабар берилган.
Бунгача Россия армияси Украинанинг Руминия билан чегараси яқинида – Одесса вилоятининг Орловка шаҳридаги газ транспорти инфратузилмасига ҳужум қилган. Ушбу станция орқали Украинага АҚШ ва Озарбайжондан газ етказиб берилмоқда. Озарбайжон гази ҳам станция орқали Европага етказиб берилган.
Live
Барчаси