Исроил Ғазодаги очликни ёритган журналистларни ўлдирди
Олам
−
11 Август 2025 10365 3 дақиқа
Исроил Ғазодаги Аш-Шифа шифохонаси олдидаги журналистлар жойлашган чодирга зарба берди. Исроил фронт чизиғини ёритиш билан танилган журналистга атайлаб ҳужум қилингани айтилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “The Guardian” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил армияси “Аl Jazeera”нинг таниқли журналисти Анас ал-Шариф ва унинг тўрт ҳамкасбини ўлдирган. Қатарда жойлашган телеканал маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 5 журналист, шунингдек, фотографлар ҳам бўлган.

Исроил томони Анас ал-Шарифни “ҲАМАС ҳарбий тузилмасига алоқадор террорчи гуруҳ раҳбари” деб айблаб, унинг ракета ҳужумларига масъул бўлгани ҳақида “маълумотлар ва ҳужжатлар” борлигини даъво қилган. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу айбловларни асоссиз деб, унинг фронтдаги репортажлари туфайли нишонга олинганини билдирган.
“Аl Jazeera” Анас ал-Шарифни “энг жасур журналистлардан бири” деб атаб, ҳужумни “Ғазони ишғол қилиш арафасида овозларни ўчиришга қаратилган уриниш” деб баҳолади.
“Исроилнинг ишончли далилларни тақдим этмасдан журналистларни жангарилар деб аташи унинг нияти ва матбуот эркинлигига бўлган ҳурмати ҳақида жиддий саволлар туғдиради. Журналистлар ҳеч қачон нишонга олинмаслиги керак. Бу қотилликларни содир этганлар жавобгарликка тортилиши зарур”, дея баёнот берди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ).
Фаластин журналистлари мазкур ҳодисани “қонли жиноят” дея қоралмоқда. Анас ал-Шариф ва унинг ҳамкасблари можаролар бошланганидан буён Ғазодан хабар бериб келаётган эди.
“Бу, эҳтимол, сўнгги 22 ой ичида мен ёзган энг қийин нарса. Мен Аш-Шифа шифохонасидан унча узоқ эмас, атиги бир квартал нарида эдим ва сўнгги ярим соат ёки ундан кўпроқ вақт ичида содир бўлган улкан портлашни эшитдим. Шуни таъкидлаш муҳимки, бу ҳужум Исроил ҳарбий амалдори Анасга тўғридан тўғри айб қўйгани ва “Аl Jazeera” ҳамда фронтдаги мухбирларга қарши таҳқирлаш бошлаганидан атиги бир ҳафта ўтгач содир бўлди. Бу очлик, қаҳатчилик ва озиқ-овқат етишмаслиги ҳақидаги тинимсиз хабарлари туфайди уюштирилди”, деди “Аl Jazeera”нинг бошқа журналисти Ҳаний Маҳмуд.
Ғазо ҳукумати матбуот хизматига кўра, Ғазога хорижий журналистларни киритмаётган ва маҳаллий мухбирларни нишонга олган Исроил уруш бошланганидан бери 237 журналистни ўлдирган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса Ғазодаги можарода камида 186 нафар журналист ҳалок бўлганини билдирган.
Таъкидланишича, 28 ёшли Анас ал-Шарифнинг отаси ҳам 2023 йил декабрида Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган, аммо журналист шимолий Ғазодан чиқмай, ишини давом эттиришга қарор қилган.
Дилбар Шоакромова
Live
Барчаси