Грузия сепаратистлар билан тинчликка эришишга интилмаяпти

Олам

image

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе мамлакат Абхазия ва Жанубий Осетия билан куч ишлатмаслик (ҳужум қилмаслик) бўйича шартнома имзолашга тайёр эмаслигини билдирди. Бу ҳақда “Ambebi” хабар берди.

“Биз бундай нарсага тайёр эмасмиз. Бу биз учун жиддий нарса эмас. Биз бир оддий фикрни айтамиз – ҳудудий яхлитликни тиклашнинг ягона йўли тинч йўл. Биз бу ҳақда айтамиз ва ҳеч қандай ҳужжат ёки келишув ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деган Бош вазир. 

Ушбу баёнот 2008 йилнинг 8 август куни Грузия қўшинларининг Жанубий Осетияга бостириб кирганига тўлиқ 17 йил тўлиши куни янгради. Ҳар иккала ҳудуд 1990 йилларда Грузиядан ажралиб чиққан, собиқ президент Михаил Саакашвили эса Жанубий Осетия устидан назоратни қайтариб олиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаган эди.

Грузия бу республикаларни алоҳида давлат сифатида тан олмайди ва уларни “босиб олинган ҳудудлар” деб ҳисоблайди. Абхазия СССР даврида Грузия ССР таркибидаги мухтор республика, Жанубий Осетия эса мухтор вилоят мақомига эга бўлган. СССР парчаланганидан сўнг, иккала республика ҳам мустақиллигини эълон қилган.

2008 йил 8 августга ўтар кечаси Грузия Жанубий Осетияга қўшин киритиб, пойтахт Цхинвални ўққа тутган. Ўша пайтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведев “тинчликка мажбур қилиш” операцияси бошланганини эълон қилган. Беш кун давом этган урушдан сўнг, август охирида Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлат сифатида тан олган. Уларни Россиядан ташқари Никарагуа, Венесуэла, Сурия ва Науру ҳам тан олган.

Абхазия ҳукумати Тбилисини ҳужум қилмаслик тўғрисида битим имзолашга бир неча бор чақирган, бироқ Грузия бу таклифни ҳар сафар рад этган. Абхазияда бундай позиция “ноконструктив” дея баҳоланган.

Кобахидзе ҳукумати Саакашвилини мамлакатнинг миллий манфаатларини сотганликда ва Грузияга катта зарар етказганликда айблаб келмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат Грузия ҳудудий яхлитлигини фақат тинч йўл билан тиклаш ниятида эканини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 18 март куни НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг Тбилисида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Грузия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, Жанубий Осетия ва Абхазия Грузия таркибига киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Абхазия Жанубий Осетия Ираклий Кобахидзе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг