Абхазия ва Жанубий Осетия Грузия таркибига киради – Столтенберг 

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг яна Грузия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 18 март куни Тбилисида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.

“Биз Грузия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Жанубий Осетия ва Абхазия Грузия таркибига киради. НАТО Россияни Грузия ҳудудларини мустақил давлатлар сифатида тан олишни бекор қилишга чақиришда давом этмоқда”, деган Столтенберг.

НАТО Бош котиби “Россия томонидан Грузия ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида сайловлар ўтказиш ноқонуний эканлигига” ишора қилди. Столтенбергнинг таъкидлашича, блокнинг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлган Грузия "мураккаб хавфсизлик муаммоларига дуч келмоқда".

Украинадаги вазиятга келсак, у "жанг майдонидаги" вазият оғирлигича қолаётганини айтди. 

"Шунинг учун биз қўллаб-қувватлашимизни оширишда давом этишимиз жуда муҳим", дейди Йенс Столтенберг.

Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе эса унинг мамлакати НАТОнинг энг содиқ ва ишончли ҳамкорларидан бири эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, Тбилиси Бош котибнинг Грузиянинг босиб олинган ҳудудларида содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ адолатли баёнотларини юксак қадрлайди.

Кобахидзенинг айтишича, учрашувда НАТО-Грузия ҳамкорлиги ва Грузиянинг альянсга интеграциялашув жараёнига оид мавзулар муҳокама қилинган.

Бош вазир НАТО Бош котибига Грузияни қўллаб-қувватлагани ва унинг “Евроатлантика интилишлари” учун миннатдорлик билдирган.

17-19 март кунлари НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Озарбайжон, Грузия ва Арманистонга ташриф буюради. Тур доирасида Столтенберг аллақачон Озарбайжонга ташриф буюрган. Тбилисидан НАТО Бош котиби Ереванга жўнаб кетади.

Маълумот учун, 2008 йил 26 августда Грузия Цхинвалга қўшин киритганидан сўнг, Россия Жанубий Осетия ва Aбхазия суверенитетини тан олган. Россия Федерацияси республикаларга кенг кўламли молиявий ва ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатган. Масалан, 2017-2019 йилларда Россия томонидан Aбхазия ривожланишини рағбатлантириш бўйича инвестиция дастурининг ҳажми тахминан олти миллиард рублни ташкил этган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Грузия Абхазия Йенс Столтенберг Жанубий Осетия Ираклий Кобахидзе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг