Сув йўлларига чиқиш. Мирзиёев “географик кишан”ларни парчаламоқчи

Таҳлил

Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро савдода иштирок этиш, транспортдан фойдаланиш ва иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан қийинчиликларга дуч келади. Бундай давлатлар қаторига 32 мамлакат, жумладан, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Боливия, Тожикистон, Туркманистон, Молдова, Чад ва бошқалар киради. Аммо Ўзбекистон денгиз сувларига чиқиш учун бир эмас, икки давлат чегарасидан ўтиши лозим. Бундай табиий чеклов дунё бўйича Лихтенштейн ва Ўзбекистонгагина хос. Мазкур географик тўсиқ эса Ўзбекистоннинг имкониятларини юқорида санаб ўтилган 30 дан ортиқ давлатдан анча кўпроқроқ қийнайди. 

Логистика соҳасида қуруқлик, темирйўл ва сув йўллари орқали юк ташиш энг арзон турлар ҳисобланади. Темирйўл ва бошқа қуруқлик йўллари бўйича ишлаб олиб борилмоқда. Айниқса, 2022 йилда Россиянинг Украинага босқини бошлангач муқобил йўлаклар масаласи кун тартибидан мустаҳкам ўрин олди. 

Мазкур босқин Осиёни Европа билан боғлайдиган Ўрта йўлакнинг муҳимлигини анча оширди. Хитой, Марказий Осиё, Кавказорти ва Туркия орқали Европага чиқишни таъминлайдиган бу йўлак Евроосиёдаги юк ташиш ва минтақаларни бир-бири билан боғлашда чинакам бурилиш нуқтаси бўлди. 

2022 йилнинг 16 декабридаёқ Ўзбекистондан жўнатилган илк юк айнан шу йўлак орқали –  Туркманистон, Озарбайжон, Грузия орқали Болгарияга етиб борди. Ўша йилда Ўзбекистон нафақат Ўрта йўлак орқали Европага балки анча йиллардан буён долзарб бўлиб келган Ҳинд океанига чиқиш учун ҳам катта қадам ташлаганди. Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон ўртасида 2022 йилда 600 км узунликдаги Термиз, Мозори – Шариф – Қобул – Пешовар йўналишида Трансафғон темирйўл тармоғини ётқизиш бўйича йўл харитаси имзоланди. Бу лойиҳадан Ўзбекистонни Ҳинд океанига боғлаш кўзда тутилган. Ушбу жараёндаги ишлар эса ҳамон давом этмоқда. 

Аммо ҳанузгача денгиз масаласи Ўзбекистон учун барибир оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда. Масалан, Ўзбекистон сув орқали юк ташиладиган энг қайноқ йўналишлардан бири бўлган Форс кўрфазига чиқиш учун Туркманистон ва Эрондан, Ҳинд океанига чиқиш учун эса Афғонистон ва Покистондан ўтиши керак бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев эса дунё ҳамжамиятига – денгизга чиқиш имконияти бу адолат масаласи, деган нуқтаи назар билан юзланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг жорий ҳафта Туркманистонга қилган ташрифининг асосий мавзуси ҳам айнан денгизга чиқиш масаласи эди.

Шавкат Мирзиёев 4 август куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга етиб борди. Туркманбоши шаҳри аэропортида давлат раҳбарини Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди. Кейинчалик улар ўртасида учрашув ўтказилди. 5 августда эса Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳридаги Аваза курорт зонасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференция бўлиб ўтди. 

БМТ конференциясида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе иштирок этди. Конференция иштирокчиларини Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов расман кутиб олди. Авазада бўлиб ўтган конференцияда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартибини соддалаштириш, иқтисодий трансформация, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит учун хатарларга бардошлиликни ошириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалалари кўриб чиқилди. 

Шу куни мазкур конференцияси доирасида Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени тантанали тарзда топширилди.  Шавкат Мирзиёев туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга “Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов” давлат мукофоти учун миннатдорлик билдирди.

“Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан”, деди Президент.

Маълумот учун, “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени 2017 йил 30 сентябрда таъсис этилган. Бугунги кунга қадар 4 хорижий давлат арбоби орден билан тақдирланган. Улар орасида Россия Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб бор эди. Энди улар қаторига Президент Шавкат Мирзиёев ҳам қўшилди. 

Ташрифдаги асосий тадбирга тўхталадиган бўлсак, “Аваза” миллий туризм ҳудудида ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтди. Ўзбекистон раҳбари эса конференцияда денгиз портларидан жўғрофий узоқлик ва бир неча мамлакат ҳудудларини кесиб ўтиш зарурати бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

“Бугун бизни бирлаштирган кун тартибидаги фундаментал масала – адолат масаласига дахлдордир. Бу – денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, катта транспорт харажатлари ва транзитнинг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йилги ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини йўқотмоқда. Логистика харажатлари эса товарлар қийматининг 60 фоизигача қисмини ташкил этади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан бир неча баробар юқори. Шу боис денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. 

Унга кўра, аввало, халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Шу маънода “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва уни қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўл магистрали билан туташтириш муҳимлиги таъкидланди. Давлат раҳбари “Ўрта йўлак” салоҳиятини, энг аввало, ўзаро келишилган транзит сиёсатини юритиш, қоидаларни унификация қилиш ва контейнер ташувлари учун мақбул тарифларни жорий этиш орқали тўлиқ ишга солишга чақирди.
 
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти БМТ шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун “Транзит кафолатлари” тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ҳужжат портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлаш, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтириш, глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга қаратилган. Конференция доирасида Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш билан ҳам учрашди. 
 
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, унда энг аввало, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилган. 

Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги бу учрашув бежиз эмас. Мазкур давлатларни бир-бирига боғлайдиган қатор муҳим транспорт йўллари бор. Уларнинг баъзилари минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда халқаро савдони ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга. Булардан бири – Ўрта йўлак бўлиб, унинг бир қисми Ўзбекистон, Туркманистон ва Каспий орқали Озарбайжондан ўтиши кўпчиликка маълум. Бу йўл Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи орқали – Озарбайжон ҳудудидан ўтади. Бу йўналишда юк ташиш қуйидагича амалга оширилади.

Дастлаб Ўзбекистондан чиққан юк Туркманистоннинг Туркманбоши портига етказилади. У ердан эса Туркманбоши ва Баку ўртасидаги кемалар орқали ҳаракатланиб, кейин эса темирйўл орқали Европага етказилади. 

Шунингдек, Ўрта йўлакдан ташқари ушбу мамлакатларни боғлаб турувчи “Лазурит йўлаги” ҳам бор. У Афғонистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркиядан ўтади. Аммо Ўзбекистон бу йўналишга Афғонистон ёки Туркманистон орқали билвосита уланиши мумкин. Шу тариқа Ўзбекистон Европага чиқиш учун бир эмас, бир нечта йўналишларга эга бўлади. Албатта бу мамлакатни фақатгина иқтисодий томондан юксалтирибгина қолмай, балки халқаро майдондаги геосиёсий мустақиллигини ҳам мустаҳкамлайди. 

Ташқи муносабатлар у хоҳ иқтисосий, хоҳ гуманитар ёки маданий масала бўлсин, доимо сиёсий қурол сифатида фойдаланадиган айрим давлатларнинг тасир доирасидан чиқишда ҳам мазкур имкониятлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Қисқа қилиб айтганда бугун Ўзбекистон денгизга чиқишга жиддий интилмоқда. Ер юзидаги икки давлат чегарисини кесиб ўтибгина денгизга чиқиши мумкин бўлган икки давлатдан бири бўлишига қарамай, Ўзбекистон сув йўлларига чиқиш имкониятини ўзида сақлаб қолган. Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги прагматик ташқи сиёсати бунга исботдир.

Масалан, 2021 йилда Афғонистонда ҳокимият ағдарилиб, Толибон бошқарувни ўз қўлига олган маҳал расмий Тошкент энг биринчилардан бўлиб, Қобулдаги янги тузум билан нормал алоқаларни бошлагани бугунги кунга келиб узоқ ўйланган стратегик сиёсат бўлгани кўринмоқда. Чунки Афғонистон Ўзбекистон учун кенг миқёсдаги имкониятларга эга бўлган сув йўли яъни Ҳинд океанига чиқишдаги бошланғич нуқта ҳисобланади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон БМТ Антониу Гутерриш Логистика Президент Шавкат Мирзиёев Денгизга чиқиш имконияти Ўрта йўлак Трансафғон темирйўл тармоғи Президент Сердар Бердимуҳамедов “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темирйўли “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўл магистрали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг