Хусусий ташкилотларга Ғазога гуманитар ёрдам етказишга рухсат берилди

Олам

image

Исроил Ғазо секторига хусусий ташкилотлар томонидан гуманитар ёрдам етказиб беришга рухсат берди. Бу ҳақда жорий йилнинг 5 август куни Исроил Мудофаа вазирлигининг Фаластин ҳудудларидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи Координатор идораси (COGAT) хабар берди.

COGAT баёнотига кўра, хусусий сектор томонидан маҳсулотлар олиб кирилишини босқичма-босқич ва назорат остида тиклаш имконини берувчи тартиб тасдиқланган. Бу қарорнинг асосий мақсади Ғазо секторига етказилаётган гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш ва шу билан бирга БМТ ҳамда халқаро ташкилотлардан бўлган ёрдамга қарамликни камайтириш.

“Ушбу чоралар Биньямин Нетаньяху ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорга асосланган бўлиб, Исроил хавфсизлик органлари билан келишилган тарзда амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Қўшимча равишда олиб киришга рухсат берилган товарлар таркибига бирламчи эҳтиёждаги маҳсулотлар, болалар учун озиқ-овқат, мева-сабзавотлар ва гигиена воситалари киради. Ушбу юклар Ғазо секторига киришидан олдин Исроил Мудофаа вазирлигининг тегишли идоралари томонидан қатъий текширувдан ўтказилади.

Шунингдек, олиб кирилган маҳсулотлар учун тўлов фақатгина Исроил томони назорати остидаги банк ўтказмалари орқали амалга оширилади.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг май ойи охиридан бошлаб Ғазо секторида ёрдам тақсимотини АҚШ ва Исроил томонидан ташкил этилган Ғазо гуманитар ёрдам фонди (Gaza Humanitarian Foundation – GHF) амалга оширмоқда. Исроил расмийларининг иддао қилишича, бу янги тизим ҲАМАСнинг гуманитар ёрдамни ўзлаштириб олиш ва унинг ёрдамида Ғазо аҳолиси устидан назорат ўрнатиш имкониятини йўқ қилиш мақсадида жорий этилган.

Бироқ БМТ GHF билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. БМТ вакиллари фондни сиёсийлаштирилган деб атаб, унинг на тажрибаси, на ёрдамни самарали тақсимлаш учун зарур инфратузилмаси борлигини қайд этди. Исроил ёрдамни тўсиб қўйишда ва Ғазода очарчиликни юзага келтиришда айбланганига жавобан, бу даъволарни инкор этиб, “ёрдам сектор ичига ўтказилмоқда, аммо у БМТ томонидан тарқатилмай, омборларда қолмоқда”, дея баёнот берди.

Жорий йилнинг июль ойи охиридан бошлаб қатор давлатлар Ғазо секторига ҳаводан гуманитар ёрдам ташлашни бошлади. Бироқ халқаро гуманитар ташкилотлар бу чорани сектор аҳолиси эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас, дея баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландиянинг Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли ҳарбий транспорт самолёти икки ҳафта давомида ҳар куни Ғазо сектори узра 16 та гуманитар ёрдам блоки ташлаши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил гуманитар ёрдам Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг