АҚШ Фаластин маъмуриятига қарши санкциялар жорий қилди
Олам
−
01 Август 2025 3500 2 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) ва Фаластин озодлик ташкилотига (ФОТ) қарши санкциялар киритди. АҚШ Давлат департаменти кеча, 31 июль куни шу ҳақдаги баёнотни эълон қилди.
Баёнотда санкцияларнинг асосий сабаби сифатида бу ташкилотлар “террорчиликни қўллаб-қувватлаётгани” ва Исроилнинг мавжудлик ҳуқуқини тан олмаётганини кўрсатилган.
Қолаверса, АҚШ ФММ ва ФОТни 1989 ва 2002 йиллардаги АҚШ билан тузилган келишувларга амал қилмаётганликда айблаган. Унга кўра, Вашингтон ушбу ташкилотлар билан фақат Исроилнинг мавжудлигини тан олган тақдирда мулоқот қилиши мумкин. Шунингдек, улар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1967 ва 1973 йиллардаги урушлардан кейин қабул қилинган 242 ва 338-резолюцияларига амал қилмагани учун танқид қилинган.
АҚШ ҳукуматининг фикрича, ФММ ва ФОТ халқаро судларга мурожаат қилиб, Исроил билан можарони ҳал қилишга уринмоқда. Давлат департаменти бу ташкилотларни “зўравонликни тарғиб қилиш”да айблаган. Янги санкциялар доирасида ФММ ва ФОТ вакилларига АҚШ визаси берилмайди.
ФММ ташкилоти фақат Иордания дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги айрим ҳудудларни назорат қилади. Унинг маркази Рамаллоҳ шаҳри ҳисобланади. ФММ раиси Маҳмуд Аббос айни пайтда ФОТга ҳам раҳбарлик қилади.
ФММ Ғазо секторига ҳам даъвогарлик қилади, бироқ у ерда 2007 йилдан бери ҳукмронлик ҲАМАС гуруҳи қўлида.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирган эди. Бу ҳужумдан сўнг Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Бу уруш баҳонасида Ғазо секторида олиб борилган бомбардимонлар ва қуруқликдаги операциялар оқибатида 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 130 мингдан кўпроқ киши яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби бугун, 1 август куни Ғазога бориб, ёрдам тарқатиладиган жойларни кўздан кечириши ва ғазоликлар билан учрашиши ҳақида хабар берилганди.