Покистонда ёмғир оқибатида қурбон бўлганлар  279 нафарга етди

Олам

image

Сўнгги бир ой давомида Покистонда давом этаётган муссон ёғингарчиликлари оқибатида камида 279 киши ҳалок бўлди, яна тахминан 700 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Geo TV хабар берди.

Покистоннинг Миллий фавқулодда вазиятларга қарши кураш бошқармаси маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида мамлакатнинг айрим ҳудудларига ёққан кучли ёмғирлар сабабли яна 8 киши ҳалок бўлган. Шу тариқа, фавқулодда ҳодисалар қурбонларининг умумий сони 279 нафарга етган.

Табиий офат энг кўп талафот етказган ҳудуд шимоли-шарқий Панжоб вилояти бўлиб, у ерда 151 кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланган. Ёмғирлар нафақат одамлар ҳаётига, балки мол-мулкка ҳам катта зарар етказган. 1500 дан ортиқ уйлар жиддий шикастланган.

Қутқарув ва вайронгарчиликларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Бироқ синоптиклар яқин кунларда ёғингарчиликлар кучайишини тахмин қилгани боис фавқулодда хизматлар аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга қатъий чақирмоқда.

Муссон ёмғирлари Жанубий Осиё иқлими учун одатий ҳисобланади, аммо сўнгги йилларда уларнинг салбий таъсири янада кучаймоқда. Бунга шаҳарларнинг тез кенгайиши, заиф дренаж тизимлари ва иқлим ўзгариши сабаб бўлган экстремал об-ҳаво ҳодисалари сонининг кўпайиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон бўйлаб муссон ёмғирлари келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида 72 киши ҳалок бўлгани ва 130 дан ортиқ киши тан жароҳати олгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон тошқин муссон ёмғири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг