Исроил ва Сурия 25 йил ичида илк бор юқори даражада музокара ўтказди

Олам

image

Исроил ва Сурия вазирлари 25 йил ичида биринчи олий даражадаги музокараларини ўтказди. Учрашув Парижда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Том Баррак воситачилигида бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.

Портал хабарига кўра, музокараларда Исроил стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер ва Сурия ўтиш даври ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Асад ал-Шибоний иштирок этган. Учрашув тўрт соат давом этди ва унинг асосий мавзуси мамлакатлар ўртасидаги кескинликни камайтириш бўлди.

“Томонлар Сурия жанубида хавфсизлик ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олиш ниятида эди”, дейди “Axios”нинг исроиллик манбалари.

Қайд этилишича, Исроил ва Сурия сўнгги ойларда аллақачон бир неча учрашув ўтказган.

“Париж музокаралари мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш йўлидаги биринчи қадам бўлади”, дея таъкидлайди портал.

16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқ ва унинг атрофидаги стратегик нишонларга зарба берди, хусусан, Сурия армияси Бош штаб мажмуаси ва Абу Руммана кварталидаги Президент саройига зарбалар берилди. 17 июль куни мамлакат шимоли-ғарбидаги Бзамилдаги 132-мотоўқчилар бригадаси базаси ва Жабледаги 107-зирҳли бригада базасига ҳаво ҳужумлари уюштирилди.

23 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари тушдан кейин марказий Хомс вилоятидаги Сурия қуролли кучларининг омборларига зарба берди. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац ҳукумат қўшинлари друзлар яшайдиган республика жанубидаги Сувайда шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлардан олиб чиқилмаса, Исроил Сурияга зарба беришда давом этиши ҳақида огоҳлантирди.

19 июль куни Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара халқаро воситачилар иштирокида ишлаб чиқилган тинчлик режасига мувофиқ, бутун жанубий вилоятда ўт очишни тўхтатишни эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг