Урушнинг 653-куни. Исроил Ғазода ёрдам олмоқчи бўлган 92 кишини ўққа тутди

Олам

image

Исроил армияси Ғазонинг турли ҳудудларида камида 115 нафар фаластинликни ўлдирди. Уларнинг 92 нафари шимолдаги Зиким, жанубдаги Рофия ва Хон-Юнусдаги ёрдам пунктларида озиқ-овқат олишга ҳаракат қилган пайтда ўлдирилган. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми Зикимда БМТ ёрдам карвони ун тарқатаётган пайтда ёрдам олмоқчи бўлган. Тиббий манбаларга кўра, бу ерда 79 киши ўлдирилган. Рофия ва Хон-Юнусдаги ҳужумларда эса 9 ва 4 киши ҳаётдан кўз юмган. Рофия ҳудудида бир кун аввал яна 36 киши ҳалок бўлгани билдирилган.

Ғазода давом этаётган блокада фонида вазият ёмонлашиб бормоқда. Сўнгги бир сутка ичида очликдан камида 19 киши вафот этгани маълум қилинган. Ғазоликлар омон қолиш учун ёрдам пунктларига боришга мажбур бўлмоқда, аммо бу уларнинг ҳаётига кескин хавф туғдирмоқда.

Зиким пунктидаги ҳужумдан омон қолган ғазоликнинг айтишича, у ярадор йигитни велосипедда шифохонага олиб борган, аммо атрофда тез ёрдам машиналари йўқлиги ва умумий оғир вазият туфайли ёрдам кўрсатиш имкони бўлмаган.

Исроил армияси Зикимдаги воқеани тасдиқлаган, аммо ўз баёнотида “таҳдидларга қарши ўт очгани”ни таъкидлаган. Аммо бу таҳдидга оид далиллар тақдим этилмаган.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) эса бу даъволарни рад этган ва ўқ узилган пайтда ёрдам карвони атрофини очликдан азият чекаётган одамлар ўраб олганини билдирган. WFP вакилларига кўра, карвон 25 юк машинасидан иборат бўлиб, Зикимдан ўтганидан сўнг танклар, снайперлар ва бошқа қуролли кучлар томонидан ўққа тутилган.

Ташкилот Ғазода очлик мисли кўрилмаган даражага етганини айтади. 90 минг аёл ва бола зудлик билан даволанишга муҳтож, ҳар учинчи киши бир неча кундан бери овқат емаган.

Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг сўнгги бюллетенида Исроилнинг Ғазога қарши урушида 2023 йил 7 октябрдан бери камида 58 895 киши ҳалок бўлгани, 140 485 киши яраланганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни Исроил зарбалари оқибатида Ғазо секторида камида 70 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳалок бўлганлар орасида гуманитар ёрдам олиш учун тақсимот марказлари ёнида кутиб турган 36 нафар фуқаро ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил Ғазо Хон-Юнус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг