Суриядаги жангларда мингга яқин одам ҳалок бўлди

Олам

image

Сурия жанубидаги Сувайда вилоятидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида 940 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда минтақадаги тиббий муассасаларга таяниб, “24 News HD” хабар берди.

Телеканал берган маълумотларга кўра, 13 июлдан бери давом этаётган тўқнашув қурбонлари орасида 262 нафар тинч аҳоли вакиллари, жумладан аёллар ва болалар ҳам бор. Друз тоғликларининг ўзини ўзи ҳимоя қилиш кучлари сафида 326 киши ҳалок бўлган. Дамашқдан жанубий ҳудудларга барқарорликни тиклаш мақсадида юборилган Ички ишлар ва Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари таркибидаги 312 нафар ҳарбий хизматчи ҳам ҳалок бўлган. Ҳукуматпараст араб қабилалари милицияси 21 нафар жангчисини йўқотган, Ички хавфсизлик кучлари эса Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида 19 ходимини йўқотган.

Бугун, 19 июль куни эса Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара халқаро воситачилар иштирокида ишлаб чиқилган келишув режаси асосида Сувайда вилоятида оташкесим эълон қилинганини маълум қилган. Друзлар жамоаси ва араб қабилалари сардорлари бу сулҳни қўллаб-қувватлади.

Сурия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Нуриддин ал-Баба берган баёнотга кўра, Ички хавфсизлик кучларининг махсус бўлинмалари Сувайдада жойлаштирила бошлаган.

“Бизнинг асосий вазифамиз тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва тартибсизликларга барҳам бериш”, деган у.

Суриядаги жанглар

13 июль куни Суриянинг жанубидаги Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можарога бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши сабаб бўлди. Бу воқеа зўравонлик авж олишига олиб келди. 14 июль куни Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига қўшин киритди.

Шундан сўнг, можарога Исроил ҳам аралашиб, Дамашқдаги Сурия ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.

Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Аҳмад аш-Шара Сувайда Друз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг