Сурия ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
Олам
−
19 Июль 2025 4248 2 дақиқа
Исроил ва Сурия АҚШ, Туркия, Иордания ва давлатлар кўмагида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак ўзининг X’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара АҚШ кўмагида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Келишувни Туркия, Иордания ва минтақа давлатлари қўллаб-қувватлади”, дея ёзган Том Баррак.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ друзлар, бадавийлар ва суннийларни қуролни топширишга, бошқа гуруҳлар билан бирга “тинчлик ва фаровонлик йўлида янги, ягона миллийликни барпо этишга” даъват қилмоқда.
Сурия ва Исроил ўртасидаги можаро
13 июль куни Суриянинг жанубидаги Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можарога бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши сабаб бўлди. Бу воқеа зўравонлик авж олишига олиб келди. 14 июль куни Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига қўшин киритди.
Шундан сўнг, можарога Исроил ҳам аралашиб, Дамашқдаги Сурия ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ Исроил ва Сурия ўртасидаги “ташвишли ва даҳшатли вазият”га якун ясовчи чораларни келишиб олгани ҳақида айтганди.
Live
Барчаси