Саидов Грузия раҳбариятига Мирзиёевнинг саломини етказди

Жамият

image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун, 8 июль куни Тбилисида Грузия раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

Бахтиёр Саидов Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ва Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашиб, уларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломларини етказган. 

“Грузия томонининг икки томонлама алоқаларда мавжуд улкан имкониятларни рўёбга чиқариш борасидаги қатъий интилишини юксак қадрлаймиз. Учрашув давомида сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ва жадал ривожланиб бораётганини яна бир бор таъкидладик”, дейди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Шунингдек, икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ушбу ижобий суръатни мустаҳкамлаш, халқлар манфаатлари йўлида янада самарали натижаларга эришиш учун барча ресурсларини сафарбар этишига келишиб олган.

“Яқин келажакдаги кун тартибимиз аниқ мақсадларга йўналтирилган ва катта истиқболларни ўзида мужассам этган. Келгуси йилларда бу ижобий динамикани янада мустаҳкамлаб борамиз”, деб ёзди Саидов.

Шунингдек, у Грузия Ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили билан ҳам учрашган. Музокараларда икки томонлама ҳамкорлик, минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинди, яқин истиқболда эришилиши керак бўлган янги мақсадлар белгилаб олинган.

“Ўзбекистон ва Грузия ташқи сиёсат идоралари олдида катта салоҳиятли ҳамкорлик йўналишларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятни янада кучайтириш вазифаси турибди. Бизнес доираларни яқинлаштириш, туризм алмашинувларини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби масалалар музокаралар кун тартибидан ўрин олди”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Грузия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025–2026 йиллар учун Ҳамкорлик дастури имзоланган.

Бахтиёр Саидов Грузия Парламенти Раиси Шалва Папуашвили билан ҳам учрашув ўтказган.  Билдирилишича, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим таянчларидан бири сифатида парламентлараро алоқалар алоҳида ўрин тутади.

Учрашув давомида халқлар ўртасидаги яқин ришталарни мустаҳкамлаб бориш, ҳар икки мамлакатда маданият кунларини ташкил этиш, тажриба ва билим алмашинувини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 март куни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Кейинроқ, Кобахидзе Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Қолаверса,  Олий Мажлис Сенатида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. 5 март куни эса Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Шу куни  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашувлар якунига етгач, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг Ўзбекистонга амалга оширган икки кунлик расмий ташрифи якунига етди. Уни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Ўзбекистон Тбилиси Бахтиёр Саидов Ираклий Кобахидзе Шалва Папуашвили Михаил Кавелашвили Мака Бочоришвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг