Россия Марказий Осиё энергетика тизимига қўшилмоқчи
Олам
−
07 Июль 8265 1 дақиқа
Россия Марказий Осиё мамлакатлари энергетика тизимларининг параллел фаолиятига оид битимга қўшилиш ниятида. Бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги порталида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳозирда Россиянинг Ягона энергетика тизими оператори Марказий Осиё мамлакатлари Координацион электроэнергетика кенгашида (КЭК) кузатувчи мақомига эга. КЭК таркибига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради.
“Россия ҳукумати Марказий Осиё энерготизимларининг параллел ишлашига оид битимга қўшилиш ва Россия тизим операторига КЭКнинг бешинчи тўлақонли иштирокчиси мақомини бериш устида иш олиб бормоқда. Бу энерготизимлар ривожи бўйича режаларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради”, дейилади хабарда.
Россия Ягона энергетика тизимининг тизим оператори раҳбари Федор Опадчийнинг билдиришича, дунёдаги энг йирик энерготизимлардан бирини бошқариш бўйича Россиянинг амалий тажрибаси энерготизимлар режалари мувофиқлаштирилишига катта ҳисса қўша олади. Унга кўра, тизим оператори электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнини узлуксиз бошқаради.
Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё ягона энерготизими 1960-70 йилларда собиқ СССР доирасида ягона электр тармоғи сифатида шаклланган бўлиб, минтақадаги барча мамлакатларни ишончли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадини кўзлаган.