Озарбайжон диаспораси раҳбари Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди (видео)
Олам
−
05 Июль 7490 2 дақиқа
Россиянинг Москва вилоятидаги Озарбайжон диаспораси раҳбари Элшан Ибрагимов Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда у “Oxu.az” нашрига маълум қилди.
РБК нашрининг манбасига кўра, Ибрагимов жорий йилнинг 18 июнь куни “Россия Федерациясининг миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар содир этгани учун” фуқароликдан маҳрум этилган.
Ушбу янгилик ортидан Москва вилояти Жамоатчилик палатаси сайтида Элшан Ибрагимов Миллий-маданий мухториятлар ишлари бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси сифатида кўрсатилган маълумот ўчирилган.
Маълумот учун, Элшан Мустафо ўғли Ибрагимов 1967 йилда Озарбайжоннинг Уджар тумани Мюсюсли қишлоғида туғилган. У 1997 йилдан бери Москва вилоятида яшайди, 2018 йилдан бошлаб Москва вилоятидаги озарбайжон диаспорасига раҳбарлик қилади. 2018 йилги сайловларда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвнинг ишончли вакили бўлган.
Озарбайжон диаспораси расмий сайтида чоп этилган интервьюсида Ибрагимов ҳудуддаги озарбайжонликлар дуч келаётган муаммолар сифатида ишсизлик ва давлат хизматларидан фойдаланишдаги қийинчиликларни тилга олган. Унга кўра, 1990 йиллар ва 2000 йиллар билан солиштирганда озарбайжонликларнинг Россияга миграцияси деярли тўхтаган.
“Озарбайжонликлар асосан чакана савдо объектларида ишлаган, аммо бу объектлар йирик савдо тармоқлари билан рақобат қила олмагани боис ёпилмоқда. Бозорлар монополиялашган, оқибатда йирик тармоқлар ишлаб чиқарувчиларга шарт қўядиган даражага етган. Бу фақат озарбайжонликларга эмас, балки маҳаллий тадбиркорларга ҳам тааллуқли. Кичик бизнес кўз ўнгимизда емирилмоқда, бу эса бизнинг ватандошларимиз ва бутун аҳолининг ижтимоий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда”, деган Ибрагимов.
Шунингдек, яқинда Москвада озарбайжонлик “қонундаги ўғри” Вагиф Сулейманов (Вагиф Бакинский) қўлга олинган. “Коммерсанть” хабарига кўра, унинг қўлга олиниши Россияда қолиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган. У Москва яқинидаги Сахаровдаги миграция марказига жойлаштирилган ва у ерда уч ой сақлангач, Озарбайжонга депортация қилинади.
Қайд этиш жоиз, Ибрагимовни фуқароликдан маҳрум қилиш ҳамда бошқа озарбайжонликларнинг қўлга олиниши Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган вақтда содир бўлмоқда. Жорий йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Озарбайжонда туғилган, Россия фуқаролигига эгалиги айтилган ўнлаб шахслар 2001-2011 йиллардаги қотилликларга алоқадорлик гумони билан қўлга олинди. Улардан икки нафари вафот этди. Бу ҳодисадан кейин Баку шаҳрида ўнлаб Россия фуқаролари, жумладан жосусликда гумонланган “Sputnik Озарбайжон” журналистлари ҳибсга олинган. Россия ва Озарбайжон ўзаро норозилик ноталарини алмашди.