Россия Днепрга баллистик зарба берди

Олам

image

Россия қўшинлари кеча, 24 июнь куни тушдан кейин Украинага навбатдаги ракета зарбасини берди. Днепрда камида 9 киши, Днепропетровск вилоятининг Самара шаҳрида яна икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисак маълум қилди.

“Днепрда душман ҳужуми оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Самарада россияликлар яна икки кишини ўлдирди. Ярадорлар сони ҳам доимий равишда ортиб бормоқда. Айни пайтда бу кўрсаткич юздан ошди”, деб ёзди у.

Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида камида ўнта бола бор.

Кечқурун Россиянинг ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 кишига етгани, 279 га яқин киши жароҳатлангани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизматининг Днепр ва минтақадаги маълумотларига кўра, фуқаролик инфратузилмаси – ётоқхона, спорт зали ва маъмурий бинога жиддий зарар етган.

“Бундан ташқари, поезд шикастланган, унинг йўловчилари жароҳатланган”, дейилади хабарда.

“Укрзалізниця”, шунингдек, Россиянинг Украина шарқидаги ҳудудига ракета ҳужуми пайтида йўловчи поезди портлаш тўлқинидан зарар кўрганини тасдиқлади.

“Россиянинг Днепропетровск вилоятида уюштирган теракти оқибатида 52-сонли “Одесса – Запорожье” поезди шикастланган”, дейилади компаня баёнотида.

“Укрзалізниця” Днепрда йўловчиларни ташиш ва уларни Запорожьега етказиш учун алмаштириладиган ҳаракат таркибини тайёрламоқда. Кейинчалик темирйўл компанияси Россиянинг ушбу ҳужуми ва унинг оқибатлари пайтида “поезд йўловчилари ёки темирйўлчилар орасида қурбонлар бўлмаганини” аниқлади. Жабрланганлар сонига эса аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 июнга ўтар кечаси Украинанинг Суми вилоятининг Верхнесироватская маҳалласида Россия дронлари ёрдамида уюштирилган йирик ҳужуми оқибатида камида уч киши ҳалок бўлганди: эркак, аёл ва саккиз ёшли бола. Украинага қарши ҳарбий тажовузини 4 йилдан бери давом эттираётган Россия кучлари кечаси 97 дона Shahed типидаги ҳужумчи дронидан фойдаланган ҳолда қўшни давлатга янги зарбалар берди


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Днепр Днепропетровск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг