Рус аскари фақат ўлим ва ҳалокат келтиради – Сибига

Олам

image

Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия Президенти Владимир Путиннинг кеча, 20 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) Украина ва уруш ҳақида қилган баёнотларини беадаблик деб атади. Бу ҳақда у кеча, 20 июнь куни Х ижтимоий тармоғида ёзди.

“Путиннинг беадаб баёнотлари АҚШнинг тинчликка эришиш саъй-ҳаракатларига тўлиқ нафратни кўрсатади. АҚШ ва бутун дунё ўт очишни тўхтатишга чақираётган бир пайтда, Россия Президенти Украинада янги ҳудудларни эгаллаб олиш ва кўпроқ украиналикларни ўлдириш режаларини муҳокама қилмоқда”, деб ёзди Сибига.

У Путиннинг “рус аскарининг қадами қаерга етса, ўша жой бизники”, деган гапига ҳам изоҳ берди.

“Путиннинг бугунги ақлдан озган гапларидан бири, айниқса, рус аскарининг оёғи қаерга етгани ҳақида алоҳида таъкидланади. Аслида рус аскари оёғини қаерга босмасин, у ўзи билан фақат ўлим, ҳалокат ва вайронагарчиликни олиб келади. Путин рус аскарлари ва уларнинг Украина дронлари томонидан парчаланган оёқлари ҳақида қайғурмайди. У ўз халқининг оммавий қотилидир”, деб таъкидлади Украина Ташқи ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 июнь куни ПМЭФ ялпи мажлиси модератори Путиндан Россия армияси қаерга бориши мумкинлигини сўраганда, “рус аскари оёғини қаерга босса, ўша ер бизники” деб айтганди. Шунингдек, у Россия армияси “хавфсизлик зонаси”ни яратиш доирасида Украинанинг Суми шаҳрини эгаллаши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Украина Андрей Сибига

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг