Эрон эрта тонгда Исроилга зарба берди. Қурбонлар бор 

Олам

image

Бугун, 16 июнь тонгида Эроннинг навбатдаги ракета ҳужуми оқибатида Исроилда 4 киши ҳалок бўлди, қарийб 90 киши яраланди. Бу ҳақда “Magen David Adom” тиббиёт хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Эрон  Исроил марказига тўртта баллистик ракета билан ҳужум уюштирган. Оқибатда кўп қаватли тураржой бинолари зарарланган, 4 киши ҳалок бўлган, 87 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар – икки нафар аёл ва икки нафар тахминан 70 ёшли эркак. Шунингдек, 30 ёшли аёл оғир аҳволда, яна 5 киши ўртача даражадаги жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

“Ynet” порталининг аниқлик киритишича, Гуш-Дан минтақаси нишонга олинган. Бу ҳудудга Тель-Авив шаҳри ҳам киради. Хусусан, Петах-Тиква шаҳрида бинолар зарарлангани қайд этилган. Тель-Авив устида эса иккита Эрон ракетаси портлаган. “The Times of Israel” маълумотига кўра, яна бир неча ракета Хайфа соҳилбўйи ҳудудига тушган. Эроннинг “Tasnim” нашри эса Хайфадаги электр станцияда ёнғин чиққанини хабар қилган.

Исроил аҳолиси маҳаллий вақт билан эрталабки соат 4:10 дан 4:30 гача бошпаналарда қолишга мажбур бўлган. Эрон томони зарба Исроилнинг марказий ва шимолий ҳудудларига қаратилганини билдирган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) баёнотига кўра, ҳужумда Исроил ҳаво мудофаа тизимини чалғитувчи янги услублар қўлланилган.

Бунгача Эрон Исроилнинг Бат-Ям шаҳрига ҳам ҳужум қилган. Оқибатда 9 киши ҳалок бўлган. Исроил армияси бунга жавобан Эроннинг марказий ҳудудларидаги ракета позицияларига ҳамда Теҳронда жойлашган “Ал-Қудс” махсус бўлинмасининг қўмондонлик пунктларига зарба берган.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ва Исроил ўртасидаги бу зарбалар алмашинуви жорий йилнинг 13 июнь тонгида Исроил ҳарбийлари “Шерлар олами” номли операцияни бошлаганидан сўнг авж олди. Исроил Теҳронни ядро қуролини ясаётганликда айблади. Эрон бу айбловларни рад этиб, “Ҳақиқий ваъда 3” номли операцияни бошлаганини эълон қилди.

CNN ҳисоб-китобига кўра, Эроннинг Исроилга қилган ҳужумлари оқибатида ҳозиргача камида 14 киши ҳалок бўлган, тахминан 400 киши яраланган. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил зарбаларида Эроннинг ўзида 224 киши ҳалок бўлган, 1481 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида 70 нафар аёл ва болалар ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон-Исроил Тель-Авив Гуш-Дан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг