Ўзбекистонга чигиртка тўдалари бостириб келдими? (видео)
Олам
−
13 Июнь 6587 2 дақиқа
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ҳудудларда чигиртка тўдалари тарқалгани бўйича хабарлар эълон қилинмоқда. Мазкур хабарлар юзасидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳар бир ҳолат жойига чиқиб ўрганилиб, тўдалар бартараф этилишига эришилган. Хусусан, 11 июнь куни тунда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги Баш 500 МВт шамол электр станциясида чигирткалар тарқалгани маълум бўлган. Дастлаб эрта тонгда стратегик аҳамиятга эга объект атрофида барьер усулида ишланган. Кейинчалик куннинг биринчи қисмида электр станциянинг ўзида ҳам кимёвий ишлов ўтказилган.
Шунингдек, Зарафшон шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам чигирткалар тўдаси акс этган тасвир эълон қилинди. Бу ҳолат ҳам жойида ўрганилиб, чигирткалар бартараф этилган.
Билдирилишича, тасвирлардаги чигиртка – бу саксовул букри чигирткаси бўлиб, у экинларга зарар етказмайди. Имаго ёшига (бу ҳашаротнинг тўлиқ шаклланган, болалик босқичлари тугаган, кўпая оладиган ёши) етган ҳашарот ёруғликка учиб кетиш ҳолатлари кузатилади ва айни вақтда бу турдаги чигирткалар тухум қўйиб, табиий нобуд бўлиш даврига етиб келган.
Навоий вилоятида зарарли чигирткаларга қарши кураш апрель ойида бошланган. 4 та отряд ташкил этилган бўлиб, 6 та УМО пуркагичли махсус автомашина, 5 та пуркагичли трактор, 3 та водовоз бириктирилиб, 25 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.
“Зарурат бўлса, қўшимча кучлар сафарбар этилади. Ҳозирча вазият назорат остида”, дейилади хабарда.
12 июнь ҳолатига кўра, 819 минг 571 гектар майдонда кузатув ўтказилган. 485 минг 280 гектарда зарарли чигиртка тарқалгани аниқланган. Шундан 477 минг 505 гектар майдонда кимёвий кураш тадбирлари олиб борилган. Прогноз қилинган майдон 608 минг гектардан ортиқ.
“Шунингдек, қўшни Қозоғистон Республикасида чигирткалар босқини ҳақидаги хабарлар саросима кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Қўшни давлатда тарқалган чигиртка – тўда ҳосил қилувчи чигиртка тури ҳисобланади. Қозоғистоннинг зарарли чигирткага қарши кураш хизмати билан доимий алоқа ўрнатилиб, чегара ҳудудларида кучайтирилган мониторинг олиб борилмоқда. Аниқланаётган тўдалар қисқа фурсатда бартараф этилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ўтказилган Европа ва Ўртаер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ишчи гуруҳининг 55-сессияси доирасида Қозоғистон ва Қирғизистон мутасаддилари билан мазкур мавзу юзасидан мулоқот ўтказилиб, тегишли келишув имзоланганди.