Мирзиёев Истанбулдаги Россия-Украина музокараларини олқишлади
Олам
−
10 Июнь 3208 3 дақиқа
Бугунги дунё катта синовларни бошидан кечирмоқда. Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда, геосиёсий жараёнлар шиддат билан ўзгармоқда. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида сўз очди.
“Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етди. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, у халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашаётганидан афсусда эканини билдирди. Инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаяётганини қайд этди. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини қўшимча қилди.
“Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан тўғри музокараларни олқишлаймиз.
Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир”, деди Президент.
Бундан ташқари, Мирзиёев глобал кун тартибидаги яна бир масала – бу қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат эканини қайд этди. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани, зеро, мазкур мамлакатдаги осойишталик ва иқтисодий ривожланиш ён-атрофдаги барча минтақаларнинг узоқ муддатли тараққиёти учун зарур омил ҳисобланишини таъкидлади.
“Мен ҳозир таъкидлаб ўтган муаммолар бўйича барча шерик давлатларимизни очиқ ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақирамиз. Чунки, форумнинг асосий мавзуси бўлган инвестициялар – фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир!
Келинг, биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин!” деди Ўзбекистон етакчиси.
Маълумот учун, бугунги форумда 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этмоқда. Улар орасида Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Янги ривожланиш банки президенти Дилма Русеф, шунингдек, Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари ҳамда Европа, Осиё ва Африка минтақаларидан келган нуфузли делегациялар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Истанбулда ўтган биринчи турда томонлар 1000 нафар маҳбусни ўзаро алмашиш ва эҳтимолий сулҳ жараёнига оид ҳужжатлар алмашинуви бўйича келишувга эришганди. 2 июнь куни Истанбулда Чираған саройида бўлиб ўтган тинчлик музокараларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Россия делегациясига Президент ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина томонига Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилик қилди. Учрашув ёпиқ форматда ўтказилди.
Live
Барчаси