Россия “Ўргимчак тўри” учун Украинадан қасос олди (видео)

Олам

image

Бугун, 9 июнга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украина Қуролли кучлари тактик авиацияси жойлашган Ровно вилоятининг Дубно шаҳри яқинидаги ҳарбий аэродромга кучли ракета зарбаси берди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди. 

Вазирлик баёнотига кўра, бу ҳужум Украина томонидан Россия ҳарбий аэродромларига уюштирилган ҳужумларга жавоб тарзида амалга оширилган. Мамлакат ОАВлари ҳам ҳужумни айнан “Ўргимчак тўри” операцияси учун жавоб бўлганини ёзган. 

Россия ўз ҳужуми давомида Украина ҳарбий корхоналари, ҳужумчи дронларни йиғиш цехлари, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар омборлаини нишонга олган. 

“Ҳужумнинг мақсади тўлиқ амалга оширилди. Белгиланган барча объектлар нишонга олинди ва зарарсизлантирилди”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Украина Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг хабар беришича, 9 июнга ўтар кечаси Россия томонидан 499 та ҳаво ҳужум воситаси (жумладан, дрон ва ракеталар) ишлатилган. Украина томони уларнинг 479 тасини йўқ қилганини билдирган – 292 таси зенит воситалари билан уриб туширилган, 187 таси радар билан кузатишда йўқотилган.

Украина расмийларининг айтишича, 10 жойда душман ҳужум воситалари нишонга етган.

Украинанинг “Ўргимчак тўри”

Украина 1 июнь куни Россия ҳарбий аэродромларига учувчисиз дронлар ёрдамида амалга оширилган йирик ҳужум – “Ўргимчак тўри” операциясини ўтказди. Украина Президенти Владимир Зеленский мурожаатида операциясида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди. Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) “Ўргимчак тўри” операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи зарар кўрганини маълум қилди. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади. Манбалар Россиянинг 41 та самолётига, жумладан, стратегик А-50, Тu-95 ва Тu-22M3 самолётларига зарар етказилгани ҳақида хабар берган. Киевга кўра, улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган. Операция бир ярим йил давомида тайёрланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди ва унда Украина томонидан Россиядаги аэродромларга уюштирилган ҳужумларни муҳокама қилди. Трампнинг ёзишича, 1 соат 15 дақиқа давом этган суҳбат давомида Владимир Путин унга “яқинда аэродромларга қилинган ҳужумга жавоб беришга тўғри келишини” билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Ўргимчак тўри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг