Россия ва Украина асирлар алмашинувининг янги босқичини бошлади

Олам

image

Бугун, 9 июнь куни Россия ва Украина 25 ёшгача бўлган ҳарбий аскарларни алмаштирди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди. 

Украина назорати остидаги ҳудуддан 25 ёшгача бўлган россиялик ҳарбий асирларнинг биринчи гуруҳи қайтариб олинган. Бу алмашинув Истанбулдаги келишувлар доирасида амалга оширилган.

“25 ёшгача бўлган Россия ҳарбий хизматчиларининг биринчи гуруҳи қайтарилди. Улар эвазига Украина Қуролли кучларининг айни ёшдаги ҳарбий асирлари топширилди”, дейилади хабарда. 

Айни пайтда Россияга қайтган аскарлар Беларусь ҳудудида, у ерда уларга зарур психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Кейинчалик улар Россиядаги ҳарбий шифохоналарга даволаниш ва реабилитациядан ўтиш учун юборилади.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам ўзининг Telegram-каналида украиналик бир гуруҳ аскарлар мамлакатга қайтарилганини ёзган, аммо Президент ҳам Россия Мудофаа вазирлиги ҳам қайтарилганлар сонини очиқламаган. 

“Украиналиклар Россия асирлигидан ватанга қайтмоқда. Бугун алмашинув жараёни бошланди ва у яқин кунларда бир неча босқичда давом этади. Ҳозир қайтарилаётганлар орасида – оғир ярадорлар, шунингдек, 25 ёшгача бўлган ҳарбийлар бор. Бу жуда мураккаб жараён, кўплаб нозик жиҳатлари бор, музокаралар деярли ҳар куни олиб борилмоқда”, дея ёзган Зеленский. 

Истанбулда ўтган музокараларда томонлар “ҳар бир асирни уйига қайтариш” тамойили асосида келишувга эришганди. Бу босқичда, хусусан, оғир касал ва ярадорлар, шунингдек 25 ёшдан кичик ҳарбий хизматчилар алмашилмоқда.

Украина Мудофаа вазири, делегация раҳбари Рустам Умаровга кўра, томонлар ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини “6000 га 6000” форматида ўзаро топширишга ҳам келишиб олган. Россия эса Киевга 6000 нафар ҳалок бўлган украиналик ҳарбий жасадини бир томонлама топширишга ваъда берган.

Маълумот учун, уруш бошланганидан бери Россия ва Украина 80 мартадан ортиқ асирлар алмашинувини амалга оширган. Сўнгги уч босқич 16 май куни Истанбулда бўлиб ўтган илк тўғридан тўғри учрашувлардан кейин ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг