Британияда қироллик аскарларига теракт уюштирилишининг олди олинди
Олам
−
08 Июнь 2943 2 дақиқа
Буюк Британия полицияси Виндзор қасри яқинидаги қироллик гвардияси аскарларига қарши режалаштирилган терактнинг олдини олди. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.
Британия полицияси Виктория казармаларига уюштирилиши мумкин бўлган террорчилик ҳужумини тўхтатган. Бу казармаларда Қирол Чарльз III’ни қўриқловчи ColdStream гвардияси 1-батальони жойлашган.
Мазкур казармалар Британия монархлари қароргоҳи бўлган Виндзор қасри яқинидаги Беркшир графлигида жойлашган. Шубҳали шахс қўлга олингач, икки кун давомида ҳарбийлар форма кийган ҳолда казарма ҳудудини тарк этмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
“Шубҳа бор эди – гумонланувчи ҳужум уюштиришни режалаштирган бўлиши мумкин. Полиция казарма раҳбариятини дарҳол хабардор қилди ва у ҳибсда бўлганига қарамасдан, дарҳол зарур чоралар кўрилди. Бу хавфсизлик ходимларида жиддий ташвиш уйғотди, бироқ барчаси умумий хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилди”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, полиция ўтган ҳафтада 20 ёшли эркакни ўқотар қурол сақлаш ва ёнғин чиқарганлик гумони билан ҳибсга олган. У қайта ҳибсга олиниб, бу сафар террорчилик ҳаракатларини тайёрлаганликда гумон қилинган.
Полиция “Daily Mail” нашрига иккинчи марта ҳибсга олиш ҳақида маълумотни тасдиқлаган.
Ҳозирда ҳодисани Жануби-шарқий Буюк Британияда терроризмга қарши кураш бўйича полиция бошқармаси ўрганмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи ёлғиз ҳаракат қилган, бошқа шахслар ҳибсга олинмаган. Нашр Британия Мудофаа вазирлигидан изоҳ сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ иммиграция расмийлари мамлакат Президенти Дональд Трампга суиқасд қилиш билан таҳдид қилган, Мексикадан келган ноқонуний муҳожирни ҳибсга олганди. Ички хавфсизлик вазирлигининг маълумотига кўра, Иммиграция ва божхона назорати хизмати ходими Рамон Моралес Реес исмли шахсдан мактуб олган. Мактубда “Мен бу мамлакатни фақат Президент Трампнинг митингларидан бирида бошига ўқ узганимдан кейин тарк этаман” дея ёзган мигрант.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь