ТИВ воизи БАА аэропортларида сарсон бўлаётган ўзбекистонликлар бўйича муносабат билдирди
Жамият
−
05 Июнь 9747 2 дақиқа
Олдинроқ, Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудига киришда Ўзбекистон фуқароларининг турли қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида хабарлар берилганди. Айниқса, бугун, 5 июнь куни Абу-Дабида бўладиган БАА-Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги баҳсни томоша қилиш учун йўл олган кўплаб мухлислар, ҳатто журналистлар ҳам ушбу мамлакатга киритилмаган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов муносабат билдирди.
Қайд этилишича, вазирликка БАА ҳудудига киришда Ўзбекистон фуқаролари дуч келаётган турли қийинчиликлар, хусусан, халқаро аэропортларда узоқ давом этган текширувлар туфайли ушбу аэропортларда кўп қолиб кетаётгани ҳақида қатор мурожаатлар тушган.
“Ўзбекистоннинг БААдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан ушбу ҳолатларни ҳал қилиш мақсадида фаол чоралар кўрилмоқда. Дипломатлар доимий равишда вазиятни мониторинг қилиб, БААнинг иммиграцион ва бошқа тегишли идоралари вакиллари билан узлуксиз музокаралар олиб бормоқда”, дейди Бурҳонов.
Билдирилишича, ушбу музокаралар фуқароларнинг мамлакат ҳудудига имкон қадар тезроқ ва муаммосиз киришини таъминлашга қаратилган бўлиб, масалани жойида ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, аэропортларда юзага келаётган кечикишлар ва текширувларнинг сабаблари аниқланмоқда, бу эса масаланинг келиб чиқиш илдизларини тушуниш ва келажакда бундай ҳолатларни олдини олишга ёрдам беради.
“Фуқароларимизга имкон қадар қулайлик яратиш мақсадида Абу-Даби шаҳридаги элчихонамиз ва Дубай шаҳридаги Бош консулхонамиз вакиллари доимий равишда маҳаллий аэропортларда бўлиб, ҳамюртларимизга кўмак беришмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоиз, бунгача БАА-Ўзбекистон ўйини ёритиш учун борган махсус аккредитацияга эга бўлган ўзбекистонлик спорт журналисти Ҳасан Турдиалиев БААга киритилмаганини ва шу сабаб ортга қайтганини маълум қилган. Бундан ташқари, яна кўплаб футбол мухлислари ҳам шундай муаммоларга дуч келаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент–Шаржа рейси билан Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги Ўзбекистон–Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ўйинни томоша қилиш учун БААга кетган 100 дан ошиқ ўзбекистонликлар Шаржа аэропортида ушлаб турилаётгани хабар қилинганди. Кейинроқ, ушбу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилаётгани билдирилди.
Live
Барчаси