Британия Россияни “тийиш” учун 12 та сувости кемаси қурмоқчи
Олам
−
02 Июнь 3076 4 дақиқа
Бугун, 2 июнь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер глобал тангликлар кучайиб бораётган бир пайтда, тобора тажовузкор бўлиб бораётган Россияни “тийиш” мақсадида қуролланиш режаларини эълон қилди. Бу ҳақда “Тhе New York Times” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Бош вазир Кир Стармер Британияни “урушга тайёр ҳолатга” келтиришга ваъда берган ҳамда 12 тагача янги ҳужумчи сувости кемасини қуриш, ядровий ҳамда бошқа қуролларга миллиардлаб фунт стерлинг сармоя киритиш режаларини эълон қилган. Бу Британиянинг хавфлироқ дунёга мос ҳарбий стратегиясининг бир қисмидир.
“Агар сиз можарони олдини олишни истасангиз, энг яхши йўл унга тайёргарлик кўришдир”, деган Стармер.
Шунингдек, Британия ҳукуматининг стратегик мудофаа шарҳида дронлар ишлаб чиқаришни ошириш ҳамда ўқ-дорилар ва жиҳозлар захирасини кўпайтириш режалари ҳам очиқланган.
Қайд этиш жоиз, Британиянинг бу кенг қамровли қайта қуролланиш режаси Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузи, АҚШнинг Европадан тобора чекинаётган сиёсати ва глобал тангликларнинг кучайиши фонида юз бермоқда. Стармер ушбу режаларни Украина учувчисиз самолётлари Россиянинг ички ҳарбий аэродромларига зарба берган урушдаги энг кучли ҳаво ҳужумларидан бири ортидан эълон қилган.
Стратегик мудофаа шарҳи НАТОнинг собиқ бош котиби Жорж Робертсон томонидан бошқарилмоқда ва уни шакллантириш ўтган йили Стармер умумий сайловда ғалаба қозонганидан сўнг бошланган эди. Аммо бу шарҳга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Европа хавфсизлигига суст ёндашуви ва унинг Россия Президенти Владимир Путинга бўлган иккиёқлама, баъзан эса хушомадгўй муносабати фонида янги ёндашувлар берилган.
Шарҳ бугун, 2 июнь куни тушдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда. Британия ҳукумати томонидан олдиндан маълум қилинган асосий маълумотларга 7000 тагача узоқ масофали Британияда ишлаб чиқарилган қуролларни харид қилиш, янги кибер бошқарувни яратиш ва рақамли имкониятларга 1 миллиард фунт стерлинг (тахминан 1,35 миллиард доллар) сармоя киритиш кабилар киради.
Бундан ташқари, Британия сув ости инфратузилмасини ҳимоя қилишга ҳамда Украинадаги урушда самарадорлигини кўрсатган дронларга маблағ ажратилади. Британия армиясида ҳарбийлар сони Наполеон давридан бери энг паст даражага тушиб кетгани сабабли ҳарбий хизматчиларни ёллаш ва сақлаб қолишга ёрдам бериш мақсадида 1,5 миллиард фунтдан ортиқ маблағ ҳарбийлар учун уй-жойларни таъмирлаш ва янгилашга йўналтирилади.
Бош вазир Кир Стармер Буюк Британиянинг ҳарбий харажатларини ялпи миллий маҳсулотнинг 2,5 фоизигача оширишга ваъда берган. У бу маблағни асосан хорижий ёрдам дастурларидан ресурсларни бошқа томонга йўналтириш орқали таъминлашини айтган.
Ҳукумат баёнотида айтилишича, ядровий энергияда ҳаракатланувчи, анъанавий қуроллар билан жиҳозланган сувости кемалари флоти сезиларли даражада кенгайтирилади. Бу доирада АҚШ ва Австралия билан тузилган AUKUS номли хавфсизлик иттифоқи асосида 12 тагача янги кема қурилади. Мазкур иттифоқ Хитойнинг тобора кучайиб бораётган таъсирига қарши чора сифатида шакллантирилган.
Ҳукумат янги стратегияни “тийиб туриш ва мудофаа бўйича ёндашувида туб бурилиш” деб атаган. Унга кўра, урушга тайёрлик ҳолатига ўтиш орқали таҳдидларни тийиш ва Евро-Атлантика ҳудудида хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Маълумот учун, Иккинчи жаҳон урушидан бери Буюк Британия ҳар 10 йилда камида 1 марта мудофаа шарҳини эълон қилиб келган. Сўнгги бундай шарҳ 2021 йилда тузилган бўлиб, 2023 йилда янгиланган эди. 2021 йилда Борис Жонсон ҳукумати томонидан эълон қилинган аввалги ҳужжатдан фарқли равишда, бу янги шарҳ оҳанги бошқача бўлиши кутилмоқда. Аввалги шарҳда Британиянинг “Глобал Британия” сифатида АҚШ билан янада яқинлашишини кўзлаган эди, бироқ бу йўл Стармер томонидан бекор қилиниб, унинг ўрнига Европа Иттифоқи билан муносабатларни қайта тиклашга эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ иштирокисиз Европа давлатларининг “кўнгиллилар коалицияси” Украинани зарур ҳарбий ёрдам ва қурол билан таъминлашга қодир эмаслиги хабар қилинганди. Бу ҳолат Европанинг ўз захираларини ҳам тўлдиришига тўғри келаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳарбий таҳлилчи, Буюк Британиядаги Қироллик мудофаа тадқиқот институти директори Мэтью Сэвилл Европа давлатлари қисқа муддатда АҚШ Украинага кўрсатган ҳарбий ёрдамининг тўлиқ ўрнини боса олмаслиги, аммо агар хоҳиш бўлса, ўрта ёки узоқ муддатда бунга эришиши мумкинлигини айтган эди.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси