Россия ва Украина делегациялари Истанбулга етиб борди

Олам

image

Россия делегацияси кеча, 1 июнь куни, Украина делегацияси эса бугун, 2 июнь куни музокаралар олиб бориш учун Истанбулга етиб борди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Георгий Тихий маълум қилди.

Унинг қайд этишича, учрашув куннинг иккинчи ярмига белгиланган.

Май ойида Россия Федерацияси ва Украина делегацияларини уч йилдан сўнг бир столда тўплаган Туркия бугун, 2 июнь куни Истанбулда яна музокаралар ташкил қилади. Россия делегациясига Президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилик қилмоқда. Украина томонига Мудофаа вазири Рустам Умаров бошчилик қилмоқда. Учрашув ёпиқ форматда ўтказилади.

Россия делегацияси ўз меморандумини Украина томонига топширишга ва унга “зарур тушунтиришлар” беришга тайёр. Украина томони ўт очишни тўхтатишни талаб қилиши ва етакчилар даражасидаги учрашув масаласини кун тартибига қўйиши кутилмоқда.

Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 16 май куни Истанбулдаги Долмабахче қароргоҳида бўлиб ўтди. Тўқнашаётган томонлар ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди 2 июнь куни Туркия вақти билан соат 13:00да Чираган саройида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Биринчи учрашув якунлари бўйича томонлар “1000 га 1000” формуласи бўйича кенг кўламли маҳбуслар алмашинувини ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш бўйича ўз фикрларини батафсил баён этиш, сўнгра музокараларни давом эттиришга келишиб олди. Киев ва Москванинг хабар беришича, Истанбулда келишиб олинган маҳбуслар алмашинуви 25 май куни якунланган.

Тинчликка эришиш йўлидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар доирасида Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан бир кун аввал Москва ва Киевга бориб, у ерда Россия Федерацияси ва Украина раҳбарлари ҳамда юқори мартабали амалдорлари билан учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг