Украина Россия бўйлаб йирик операция ўтказди

Олам

image

Украина кеча, 1 июнь куни Россия ҳарбий аэродромларига учувчисиз учоқ ёрдамида амалга оширилган йирик ҳужум – “Ўргимчак тўри” операциясини ўтказди. Украина Президенти Владимир Зеленский 1 июнь куни кечки мурожаатида операциясида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди.

“Хавфсизлик хизматига, шахсан генерал Малукга, шунингдек, операцияда иштирок этган барчага раҳмат. Операцияга бир ярим йилдан кўпроқ вақт тайёрландик. Режалаштириш, ташкил этиш, барча тафсилотлар мукаммал тарзда тайёрланган. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу мутлақо ноёб операция”, деб ёзди давлат раҳбари ижтимоий тармоқларда.

Украина Президенти, шунингдек, Россия Федерацияси ҳудудидаги операциянинг “офиси” Россия вилоятларидан биридаги Федерал хавфсизлик хизмати қароргоҳи яқинида жойлашганини, бироқ “тинч аҳоли амалиёт арафасида Россия ҳудудидан олиб чиқиб кетилганини, ҳозир улар хавфсиз” эканини таъкидлади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, “Ўргимчак тўри” операциясида жами 117 та учувчисиз учиш аппаратлари ва уларнинг тегишли сонидаги операторлари “Россиянинг турли ҳудудларида – уч вақт зоналарида” иштирок этган.

“Биз Россия бу урушни тугатиш зарурлигини ҳис қилиш учун ҳамма нарсани қиляпмиз”, деди Зеленский.

Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) “Ўргимчак тўри” операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи зарар кўрганини маълум қилди.

“Россиядаги асосий аэродромларидаги стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи зарар кўрди”, дейилади УХХ баёнотида.

Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади. Манбалар Россиянинг 41 та самолётига, жумладан, стратегик А-50, Ту-95 ва Ту-22М3 самолётларига зарар етказилгани ҳақида хабар берган. Киевга кўра, улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган. 

“Deutsche Welle” манбасига кўра, Иркутск вилоятидаги Белая, Рязан вилоятидаги Дягилево, Мурманск вилоятидаги Оленя ва Иваново вилоятидаги Иваново авиабазасига ҳужум қилинган. Зарар кўрган самолётлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашнинг иложи йўқ.

Россия Мудофаа вазирлиги тўртта ҳудуддаги, шунингдек, Амур вилоятидаги аэродромларга ҳужум қилинганини тасдиқлади. Россия ҳарбийларига кўра, ҳужумлар Иваново, Рязан ва Амур вилоятларида қайтарилган. Мурманск ва Иркутск вилоятларида “бир нечта самолёт бўлинмалари ёниб кетган”.

“Ёнғинлар ўчирилди, ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар орасида қурбонлар йўқ”, дея давом этди ҳарбийлар шикастланган самолётлар сонига аниқлик киритмасдан.

Американинг “Axios” нашри АҚШ ва Украинадаги номаълум манбаларга таяниб, Киев АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятини режалаштирилган ҳужум ҳақида хабардор қилмагани ҳақида хабар берди. “Axios” дастлаб Оқ уй Украина ҳарбий амалиёти ҳақида огоҳлантирилганини таъкидлади, бироқ кўп ўтмай бу хабарни таҳрир қилди.

Американинг CBS телеканали ҳам аввалроқ Вашингтон УХХ операцияси ҳақида билмаслиги ҳақида хабар берган эди.

“Оқ уй расмийлари ҳужум ҳақида изоҳ беришдан бош тортган бўлсалар-да, маъмуриятдаги манбалар якшанба куни CBS News телеканалига Оқ уй бунга тайёргарлик кўраётганидан бехабар эканлигини айтишди”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг