АҚШ суди “Озодлик” фойдасига қарор чиқарди

Олам

image

АҚШнинг Колумбия округи суди АҚШ Глобал медиа агентлиги (USAGM)га “Озодлик” радиоси учун май ойида ажратилиши керак бўлган молиявий маблағни тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда радионинг ўзи хабар берди.

Маълум қилинишича, судья Ройс Ламберт аввалги даъволарни рад этиб, USAGM’нинг “ёрдамни бошқа донорлар, масалан Европа Иттифоқи кўрсатади”, деган даъвосини асоссиз деб топган. Унга кўра, бу маблағлар июнь ойининг охиригача етиб келмайди, шу боис бугунги молиявий инқирозни бартараф эта олмайди. Шунингдек, судья радио ҳали ҳам АҚШ Конгресси томонидан 2025 йил учун тасдиқланган маблағни олмаганини қайд этган.

“Озодлик” радиоси президенти Стивен Капус суд қарорини олқишлаган.

“Конгресснинг иродаси равшан. Энди суд яна тасдиқладики, USAGM май ойидаги маблағларни бизга ажратиши шарт. Бу маблағлар бир ойдан бери кечикмоқда ва бизнинг ишимизни давом эттириш учун зарур. Журналистларимиз USAGM ўз мажбуриятларини вақтида бажармагани сабабли жуда оғир тўловга дуч келмоқда”, деган у ўз баёнотида.

Қолаверса, радио яшаб қолиши учун кўпчилик ҳаракат қилмоқда. Масалан, жорий йилнинг 20 май куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ЕИ томонидан радиога 5,5 миллион евро ажратилишини эълон қилди. Бу маблағлар ЕИга қўшни мамлакатлар, жумладан Кавказ ва Марказий Осиёдаги эшиттиришлар учун йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, март ойида USAGM “Озодлик”ни молиялаштиришни тўхтатган эди. Бу қарор Президент Дональд Трампнинг давлат харажатларини қисқартириш сиёсати доирасида қабул қилинган. Ой якунида USAGM бу қарорни бекор қилган бўлса-да, тез орада рус тилидаги “Настоящее время” телеканалини трансляция қилаётган икки сунъий йўлдош оператори – Astra ва Eutelsat  билан шартномаларни бекор қилди. 15 апрелдан бошлаб “Озодлик” радиосининг рус хизмати 1386 кГтс частотадаги ўрта тўлқинли эфирни тўхтатди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Озодлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг