Хитой Россияга дрон етказиб бериш ҳажмини оширди – “Bloomberg”

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Хитой Киев ва бошқа Европа давлатларига учувчисиз учоқлар сотишни тўхтатганини, аммо Россияга етказиб беришда давом этганини айтди. Бу ҳақда кеча, 29 май куни “Bloomberg” хабар берди.

“Хитойнинг Mavic (машҳур фуқаролик дрони, одатда аэрофотосуратга олишда фойдаланилади, у портловчи моддаларни ташишга мослаштирилади) дрони руслар учун очиқ, лекин украиналиклар учун ёпиқ. Россия ҳудудида Хитой вакиллари жойлашган ишлаб чиқариш линиялари мавжуд”, деган Зеленский икки кун аввал бир гуруҳ журналистлар билан учрашувда.

Номи ошкор этилмаган европалик расмийга кўра, Украина Президентининг сўзлари Европа Иттифоқининг ўз баҳоларига мос келади. Агентлик манбасининг таъкидлашича, Хитой, эҳтимол, Ғарб харидорларига дрон компонентларини (масалан, дрон двигателларида ишлатиладиган магнитлар) етказиб беришни қисқартирган, шу билан бирга Россияга етказиб беришни кўпайтирган.

Ўз навбатида, Пекин урушаётган томонлардан бирига қурол етказиб беришни мунтазам равишда рад этади ва ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган икки томонлама маҳсулотлар экспортини назорат қилишини даъво қилади.

“Хитойнинг Украина бўйича позицияси изчил ва аниқ бўлди: биз урушни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини илгари суриш тарафдоримиз”, дейилади Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

2024 йил ёзида ХХР ҳукумати ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган барча фуқаролик дронларини экспорт қилиш тақиқланганини эълон қилди ва декабрда “Bloomberg” агентлиги мамлакатнинг АҚШ ва Европага асосий дрон компонентларини сотишга чекловлар қўйгани ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, агентликнинг қайд этишича, Россия ва Хитой компаниялари биргаликда Россия Украинага қарши урушда фаол фойдаланаётган Эроннинг Shahed дронига ўхшаш хусусиятларга эга зарба берувчи дронни ишлаб чиқишни бошлаган.

“Reuters” агентлиги апрель ойида АҚШ разведкаси маълумотлари билан таниш бўлган икки америкалик амалдор ва Ғарб разведка агентликларидан бирининг собиқ ходимига таяниб хабар беришича, 100 дан 200 нафаргача хитойлик ёлланма аскар Украинага қарши жанг қилмоқда.

“Бироқ бу ёлланма аскарларнинг Хитой ҳукумати билан бевосита алоқаси йўқ ва афтидан, минимал жанговар тайёргарликка эга ва шунинг учун Россия ҳарбий амалиётларига сезиларли таъсир кўрсатмайди”, дея аниқлик киритди агентлик.

Шу билан бирга, “Reuters” агентлигига кўра, Россия фронти ортида турган хитойлик зобитлар Пекин розилиги билан жанглардан тактик сабоқ олмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг