Саида Мирзиёева Россия Бош вазири билан учрашди
Жамият
−
30 Май 5157 2 дақиқа
Кеча, 29 май куни Ўзбекистон делегациясининг Москвага ташрифи якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди, бунда савдо, инвестициялар, меҳнат миграцияси ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани, қўшма лойиҳалар, энг аввало, саноат ва энергетика соҳаларида фаол илгари сурилаётгани алоҳида таъкидланди. Миграция тартиб-таомилларини тезлаштириш чора-тадбирлари ва патентларни расмийлаштириш босқичларининг бир қисмини Ўзбекистон ҳудудига кўчириш имкониятлари муҳокама қилинди”, деб ёзди Мирзиёева.
Шунингдек, учрашувда минтақалараро ҳамкорлик ва янги таълим ташаббусларини амалга ошириш, жумладан, олий ўқув юртларининг янги филиалларини очиш ва MISiS муҳандислик мактабини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилган. Ўзаро ишонч ва очиқлик руҳида ўтган суҳбат ҳамкорликда амалий натижаларга эришишга томонларнинг интилиши қатъий эканлигини тасдиқлади.
“Кўрсатилган меҳмондўстлик учун Россия томонига самимий миннатдорлик билдираман”, деб ёзади Саида Мирзиёева.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегациясининг Москвага ташрифи доирасида 28 май куни Саида Мирзиёева Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари Антон Вайно, унинг биринчи ўринбосарлари Сергей Кириенко ва Алексей Громов ҳамда Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский билан, кеча, 29 май куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан ҳам учрашувлар ўтказди. Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов эса 28 май куни Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Дмитрий Песков билан учрашди.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь