Хитой Покистонга Ҳиндистон қирувчисини уриб туширишга ёрдам берган – ОАВ
Олам
−
27 Май 10774 4 дақиқа
Жорий йил 7 майга ўтар кечаси Хитой Покистонга Ҳиндистоннинг учта ҳарбий самолётини – Rafale, МиГ-29 ва Су-30 ни уриб туширишга ёрдам берган. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу ҳодиса Покистон билан Хитой ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик доирасида амалга оширилган махфий операция натижаси бўлган.
Ҳиндистонлик экспертларнинг таҳлилий ҳисоботига таяниб, “Bild” қуйидагиларни маълум қилган:
- Хитой Покистонга замонавий радиоэлектрон кураш тизимларини етказиб берган ва операцияни реал вақт режимида мувофиқлаштирган;
- Пекин бу воқеани ўзининг “сететсентрик уруш” концепциясини синовдан ўтказиш учун фойдали имконият деб билган – бу концепцияда ҳарбий бирликлар ягона ахборот майдони орқали узвий ишлайди;
- Хитой қўллаб-қувватловчи техника сифатида АЭСА радарли J-10 қирувчи самолётлари, 300 км масофагача учувчи PL-15 ракеталари, BeiDou сунъий йўлдош навигация тизими, сунъий интеллект асосидаги радиоэлектрон кураш бошқарув тизимлари ва узоқ масофани кузатувчи самолётларни сафарбар қилган.
Натижада Ҳиндистоннинг алоқа тизими бутунлай ишдан чиққан, самолётлар учувчилари эса марказий бошқарувдан узилган.
Айни дамда Ҳиндистон расмийлари ушбу маълумотни омма олдида тасдиқламаган, бироқ Bild нинг манбалари бу воқеани Осиё-Тинч океани минтақасидаги кучлар мувозанатига таъсир қилувчи жиддий сигнал сифатида баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Викрам Мисри парламентнинг Ташқи ишлар бўйича қўмитасининг ёпиқ йиғилишида сўзлаган нутқида Ҳиндистон яқин келажакда Покистон билан нормал муносабатларни тиклаш имкониятини кўрмаётганини айтганди.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви
22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узганди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.
Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.
Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.
30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.
7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.
8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди.
10 май куни Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус”, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу операция Ҳиндистон томонидан давом этаётган “провокациялар”га жавоб сифатида кўрилди. Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор. Бундан ташқари, “BraMoc” русумидаги кемага қарши товуш тезлигига эга ракеталар омбори йўқ қилинган.
Шу билан биргаликда, 10 май куни АҚШ билан музокаралардан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон ва Ҳиндистон зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида маълум қилганди. Исломобод ва Нью-Деҳли буни тасдиқлади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, ўт очишни тўхтатиш маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланган.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь