Ирландия ҳам Исроил билан савдони чекламоқчи
Олам
−
27 Май 2419 2 дақиқа
Ирландия Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларида ишлаётган Исроил компанияларидан импорт қилинадиган маҳсулотларга тақиқ жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Ирландия Бош вазири ўринбосари Саймон Ҳаррис “Financial Times” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Ҳарриснинг айтишича, ҳукумат ушбу ташаббусни жорий йилнинг 27 май куни расман эълон қилади.
“Ғазо секторида инсонпарварлик ёрдами рад этилаётгани, бомбардимонлар давом этаётгани, ҳозир кузатилаётган воқеаларнинг кўлами ва оғирлигини инобатга олган ҳолда бу тўғри қарор”, дейди у.
Қонун лойиҳасига кўра, босиб олинган Фаластин ҳудудларидан олиб кирилган маҳсулотларни импорт қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бироқ бу умумий Исроил маҳсулотлари импортига тааллуқли бўлмайди, яъни бу Исроилга қарши тўлиқ иқтисодий бойкот эмас.
Тақиқ асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Чунки 2020-2024 йилларда босиб олинган ҳудудлардан Ирландияга олиб кирилган маҳсулотлар (асосан хурмо, апельсин, зайтун ва ёғоч) умумий қиймати атиги 685 минг еврони ташкил қилган.
Лойиҳанинг ёз давомида парламентнинг тегишли қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши ва йил охиригача тасдиқланиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, сўнгги ҳафталарда Европа давлатлари Исроилга нисбатан босимни кучайтириб, Ғазо секторидаги фуқароларга инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилгани ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши юзасидан танқидлар билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия бошқа давлатлар билан Исроил Вазирлар Маҳкамасининг баъзи муҳим аъзоларига Ғарбий Соҳилда Фаластин ҳуқуқларини поймол қилгани учун санкциялар киритиш режаларини ишлаб чиқаётгани хабар қилинганди. Қора рўйхатга яҳудий давлати молия вазири Бецалель Смотрич, Мудофаа вазири Исроил Кац ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам кириши мумкин.
Live
Барчаси