Каллас Россияга қарши босимни кучайтиришга чақирди
Олам
−
26 Май 4142 2 дақиқа
Кеча, 25 май кунига ўтар кечаси Россиянинг Украинага берган оммавий зарбалари фонида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича юқори вакили Кая Каллас урушни тугатиш учун Россияга қарши энг кучли халқаро босимни қўллашга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг X ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Унинг ёзишича, айни кунларда Россия томони Украинанинг бошига мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни солмоқда.
“Украинада амалга оширилган ҳужумлар шуни кўрсатадики, Россия Украинага янги азоб-уқубатлар ва вайронагарчиликларни келтиришга интилмоқда. Қурбонлар ва жабрланган орасида болаларни кўриш жуда даҳшатли. Бугун мен шу оилалар биланман. Ушбу урушни тўхтатиш учун Россияга қарши энг кучли халқаро босим ўтказилиши зарур”, дея ёзган Кая Каллас.
Қолаверса, 25 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Россия томонидан Украинанинг бир қанча ҳудудларига қилинган вайронкор зарбалари ҳақида фикр билдирар экан, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа иттифоқчиларни Москвага янги санкциялар жорий этишга чақирди.
“Россиянинг ҳар бир террористик зарбаси Россияга янги санкциялар киритиш учун етарли асосдир. Россия бу урушни чўзмоқда ва ҳар куни ўлдиришни давом эттирмоқда. Дунё дам олиш кунига чиқиши мумкин, аммо уруш давом этмоқда, дам олиш кунлари ёки иш кунлари фарқи йўқ. Буни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Америка ва дунёдаги бошқа мамлакатларнинг сукут сақлаши Путинни рағбатлантиради. Россия раҳбариятига ҳақиқатан кучли босим ўтказилмаса, бу шафқатсизликни тўхтатиб бўлмайди. Санкциялар албатта ёрдам беради”, деган Украина раҳбари.
Маълумот учун, Россия қўшинлари кеча, 25 май куни тунда Украина ҳудудларига яна кучли ҳужумларни амалга ошириб, ҳужумчи дронлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда зарба берди. Владимир Зеленскийнинг маълумотларига кўра, шу тун давомида Россия Қуролли кучлари деярли 300 та ҳужумчи дрон ва турли хил, жумладан баллистик ракеталардан тахминан 70 тасини Украина ҳудудларига учирган.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, россиялик дронларнинг кенг кўламли ҳужуми давомида камида тўрт киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кая Каллас интервьюларининг бирида Европа Иттифоқи уруш ҳолатида ҳам, тинчлик ҳолатида ҳам эмаслиги ҳақида гапирганди. Ушбу интервьюда Каллас яна бир бор Европа давлатларини мудофаа учун харажатларни оширишга чақирганди.
Live
Барчаси