Пашинян Озарбайжон билан тинчлик учун Конституцияни ўзгартирмоқчи
Олам
−
26 Май 4127 2 дақиқа
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон билан янги уруш бўлмаслиги учун зарур конституциявий ўзгартишларни илгари суриши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 26 май куни “Ереван мулоқоти” номли халқаро форумда сўз очди.
“Биз тинчлик кун тартибига содиқмиз ва Озарбайжон билан тинчлик шартномасига эришиш бўйича музокараларни давом эттиришга тайёрмиз. Ишончим комилки, барча келишмовчиликлар ва эҳтимолий провокацияларга қарамай, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида уруш бўлмайди. Тинчлик бўлади, бу мен учун мутлақо равшан”, дейди Пашинян.
Унинг таъкидлашича, Озарбайжоннинг Арманистон ҳудудий даъволари бўйича хавотири тинчлик шартномасини имзолаш орқали ҳал этилиши мумкин. Пашиняннинг сўзларига кўра, Арманистон ҳукумати минтақада барқарор ва мустаҳкам тинчликка эришишда ўз зиммасига тушадиган масъулиятни қабул қилишга тайёр.
У, шунингдек, агар Арманистон Конституциявий суди тинчлик шартномасининг мазмунини мамлакат Конституциясига зид деб топса, ҳукумат зарур конституциявий ўзгартишларни ташаббус қилиши мумкинлигини билдирган.
“Тинчлик ўрнатиш ва тинчлик шартномасини имзолаш жараёни бой берилмаслиги керак”, дея қўшимча қилган у.
Қайд этиш жоиз, тинчлик режасининг бир қисми сифатида Озарбайжон Арманистон Конституциясига ўзгартириш киритишни талаб қилмоқда.
Республика Асосий Қонунининг 1-моддасида Арманистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 23 августда қабул қилинган мамлакат Мустақиллик Декларациясига ҳавола мавжуд. Ушбу декларациянинг бошида Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги “Бирлаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорига ишора қилинган.
“Уларнинг конституциясидаги ушбу банд билан бу мумкин эмас, чунки конституция бошқа ҳар қандай ҳужжатдан, шу жумладан халқаро шартномадан ҳам устундир. Шундай экан, бир кун келиб улар ўз фикрини ўзгартириб, сентябрда қилган ишимизни яна қилишимиз керак бўладиган вазиятга тушиб қолишни истамаймиз”, дея ўз давлатининг позициясини тушунтирган эди Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномаси тузиш бўйича келишувга эришганди. 17 моддадан иборат ҳужжатда томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ва чегараларнинг дахлсизлигини тан олишлари, чегараларни белгилаш (делимитация ва демаркация), дипломатик алоқаларни ўрнатиш, ҳудудда учинчи давлатларнинг ҳарбий кучларини жойлаштирмаслик, халқаро судларга киритилган даъволарни қайтариб олиш ва шартнома имзоланишидан олдин мавжуд бўлган масалаларни қайта кўриб чиқмаслик мажбуриятлари белгиланганди.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси