Ўзбекистон ва Озарбайжон U-20 ЖЧга тайёргарликни бошлади
Спорт
−
15 Декабрь 3934 6 дақиқа
Халқаро Футбол Федерациялари Ассоциацияси (FIFA) Кенгашининг 2025 йил 2 октябрдаги йиғилишида 20 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатини (FIFA U-20 World Cup) 2027 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари 2027 йилда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги тегишли қарорларни бир вақтда имзолади.
%20copy(29).jpg)
.jpg)
Бугун, 15 декабрь куни Ўзбекистон Песпубликаси Президентининг “2027 йилги футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда 2027 йилда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини ташкил этиш ва ўтказишнинг устувор йўналишлари қуйидагилар этиб белгиланди:
Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ўтказиш, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси талабларига мувофиқ зарур бўлган инфратузилмани яратиш, Жаҳон чемпионати иштирокчилари ва мухлисларига юқори даражадаги хизматларни кўрсатиш учун қулай шароитлар яратиш, Жаҳон чемпионатини ўтказиш орқали мамлакатда халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.
Шунингдек, Ташкилий қўмитага Жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, FIFA талабларига мувофиқ Жаҳон чемпионати ўтказиладиган объектларнинг инфратузилмасини яхшилаш, замонавий техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш, Жаҳон чемпионати иштирокчиларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши, уларга виза расмийлаштирилиши, транспорт, тиббий хизмат кўрсатиш ва волонтёрлик масалаларини мувофиқлаштириш, Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларни узлуксиз ва муқобил электр энергияси билан таъминлаш, ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларда футбол стадионлари, машғулот майдонлари ва меҳмонхоналарни тайёр ҳолатга келтириш вазифалари юклатилди.
Бундан ташқари, Ташкилий қўмитага юқорида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ тезкор қарорларни қабул қилиш ваколати берилди.
Шунингдек, Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг талабномаларига асосан Транспорт вазирлиги Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чипталари мавжуд бўлган шахсларнинг жамоат транспорти воситаларида бориб келиши учун Тошкент – Янги Тошкент – Тошкент йўналишида алоҳида автобуслар қатновини йўлга қўйиш, Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чипталари мавжуд бўлган шахслар учун жамоат транспорти воситаларидан (автобус, метро) бепул фойдаланиш имкониятларини яратиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Спорт вазирлиги билан биргаликда Жаҳон чемпионатининг расмий футбол тўпини, логотипини, рамзини (маскот) оммага таништириш маросимлари ҳамда бошқа расмий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш чораларини кўриш, Жаҳон чемпионати бош соврини — Жаҳон кубогини оммага таништириш учун республика бўйлаб маршрутини ишлаб чиқсин ва унинг амалга оширилишини ташкил этиш, Энергетика вазирлиги Жаҳон чемпионати объектлари ва Халқаро трансляция марказини FIFA талаблари бўйича узлуксиз ва муқобил электр энергияси билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига FIFA томонидан белгиланган талабларга мувофиқ Жаҳон чемпионати учрашувларини эфирга узатиш ҳуқуқи учун лицензия олиш чораларини кўриш, Жаҳон чемпионатини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича медиарежани ишлаб чиқиш ва мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар эълон қилиниши, брифинглар, тематик телекўрсатувлар тайёрланишини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш учун талаб этиладиган маблағлар 2026–2027 йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши айтиб ўтилди.
Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спорт вазири Атхам Икрамов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси Баҳодир Курбанов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков белгиланди. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдурахманов зиммасига юклатилди.
Қардош Озарбайжон Республикасида ҳам мамлакат Президентининг 2027 йилда Озарбайжонда бўлиб ўтадиган FIFA U-20 Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасини тузиш тўғрисидаги фармони имзоланди.
Озарбайжон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 32-бандига асосланиб, 20 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатини 2027 йилда Озарбайжонда муносиб ўтказишни таъминлаш мақсадида Президент Илҳом Алиев қарор қилган.
Унга кўра, 2027 йилда Озарбайжонда 20 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш муносабати билан Ташкилий қўмита тузилади.
Қўмита раиси сифатида Озарбайжон Республикаси Бош вазири ўринбосари Самир Шарифов, қўмита раиси ўринбосари сифатида Озарбайжон Республикаси Ёшлар ва спорт вазири, қўмита аъзолари сифатида Озарбайжон Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, Молия вазири ўринбосари, Маданият вазири ўринбосари, Иқтисодиёт вазири ўринбосари, Ички ишлар вазири ўринбосари, Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири ўринбосари, Фан ва таълим вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Хонкенди шаҳри, Ағдара ва Хўжали туманларида Озарбайжон Республикаси Президентининг махсус вакили, Боку шаҳар ижро ҳокимияти раҳбари, Давлат Туризм Агентлиги раиси, Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги раиси, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар бўйича Давлат агентлиги раиси, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари, Давлат миграция хизмати раҳбари ўринбосари, Давлат чегара хизмати раҳбари ўринбосари, Автомобиль йўллари давлат агентлиги Бошқарув кенгаши раиси, “Озарбайжон ҳаво йўллари” ёпиқ акциядорлик жамияти президенти, “Азеришиқ” очиқ акциядорлик жамияти раиси, “Азеренержи” очиқ акциядорлик жамияти президенти, Тиббий ҳудудий бўлинмаларни бошқариш бирлашмаси ижрочи директори, Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти, Футбол Федерациялари Ассоциацияси президенти, Ганжа шаҳар ижро ҳокимияти раҳбари, Габала тумани ижро ҳокимияти раҳбари, Сумгайит шаҳар ижро ҳокимияти раҳбари киритилган.
2027 йилда Озарбайжонда 20 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ ҳолда Халқаро Футбол Федерациялари Ассоциацияси (FIFA) билан мувофиқлаштириш ишларини олиб бориш Озарбайжон Футбол Федерациялари Ассоциациясига юклатилган.
Ташкилий қўмита 2027 йилда Озарбайжонда 20 ёшгача бўлган эркаклар ўртасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ зарур масалаларни ҳал қилиши топширилган.
Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармондан келиб чиқадиган масалаларни ҳал этиши буюрилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари томонидан 2027 йилда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорларнинг бир вақтда имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг юксак даражасини яққол намоён этишини билдирди.
“U-20 Jahon чемпионатининг ўтказилиши Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг халқаро нуфузини ошириш, ёшлар спортини ривожлантириш ҳамда дўстлик, ўзаро англашув ва ҳалол рақобат қадриятларини тарғиб этишга муҳим ҳисса қўшади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда тайёрлаш ва ўтказиш йўлида халқаро ҳамкорликни изчил қўллаб-қувватлаб боради”, дейди у.
Бурҳоновга кўра, мазкур қадам Тошкент ва Баку ўртасида спорт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, йирик халқаро лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга бўлган ўзаро ишонч ва тайёрликни тасдиқлайди.
Live
Барчаси