Асад даврида 8 млн суриялик кузатув остида бўлгани аниқланди
Олам
−
26 Май 4007 2 дақиқа
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад бошқаруви даврида мамлакат махсус хизматлари тахминан 8 миллион фуқаро – яъни аҳолининг учдан бир қисмини кузатган ёки қидирган. Бу ҳақда Суриянинг янги маъмурияти ички ишлар вазирлигига таяниб, “Deutsche Welle” хабар берди.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, бу одамлар, асосан, сиёсий сабабларга кўра махсус хизматлар диққат марказига тушган. Қайд этилишича, намойишларда иштирок этганлар ёки режимга қарши бўлганлар одатда террорчиликда айбланиб, ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ёки яширин назоратга олинган.
“Қидирувдаги одамлар Сурия халқининг деярли учдан бир қисмини ташкил этади. Махсус хизматлар ва бошқа идоралар уларнинг ҳар бири ҳақида маълумот тўплаган”, дейилади хабарда.
Оммага улар устидан кузатув олиб борилаётгани қидирувдаги шахслар фақат чегара назорат пунктларида ушланганларида ёки мамлакатни тарк этмоқчи бўлганларида маълум бўлган.
Асаднинг ағдарилиши
2024 йилнинг ноябрь ойи охирида “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Ҳама ва Ҳомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Собиқ президент Башар Асад эса оиласи билан мамлакатдан қочиб кетди ва Россиядан бошпана олди. Мамлакатга янги ҳокимият ўрнашгач, Россиядан бир неча марта собиқ президентни топширишни сўради, аммо Россия ҳукумати бу сўровларни рад этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад Россияга қочганида ўзи билан тўртта самолётда пул ва қимматбаҳо буюмларни олиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси