Трампнинг фаластинликларни Ливияга кўчириш режаси ошкор бўлди

Олам

image
Трампнинг Ғазони эгаллаш ғоясини дунё қандай қабул қилди? north_east

Трампнинг Ғазони эгаллаш ғоясини дунё қандай қабул қилди?

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти фаластинликларни Ливияга кўчириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, NBC News телеканали хабар берди.

Хабарда айтилишича, Трамп маъмурияти бунинг эвазига Ливияга ўн йилдан ортиқ вақт олдин музлатиб қўйилган миллиардлаб доллар маблағларни қайтаришни таклиф қилиши мумкин. Ушбу ташаббус доирасида Ғазо секторидан бир миллионгача фаластинликни Ливияга кўчириш режалаштирилмоқда. АҚШ аллақачон Триполи билан бу борада музокаралар ўтказган, бироқ ҳали якуний келишувга эришилмаган.

Бироқ бу ташаббуснинг амалга оширилиши жиддий тўсиқларга дуч келиши мумкин. Аввало, Ғазо аҳолиси ихтиёрий равишда Ливияга кўчишга розилик билдирадими – бу очиқ савол бўлиб қолмоқда. АҚШ маъмурияти фаластинликларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш масаласини кўриб чиқмоқда. Масалан, уларга бепул уй-жой тақдим этиш ёки нафақа тўлаш таклиф қилинмоқда. Бироқ бу режа Вашингтондан катта молиявий харажатларни талаб қилади.

Шунингдек, фаластинликлар Ливиянинг қайси ҳудудига жойлаштирилиши ва уларни қандай тартибда кўчириш режалаштирилаётгани ҳам номаълумлигича қолмоқда. NBC News таъкидлашича, Ливияда аҳволи аллақачон беқарор бўлган шароитда яна бир миллион одамнинг келиши мамлакатдаги тангликни янада кучайтириши мумкин.

Қайд этиш жоиз, Трамп кеча, 16 май куни БААда берган баёнотида келаси ой давомида Исроил ва Фаластин бўйича “кўплаб ижобий воқеалар” бўлишини айтди. Унга кўра, АҚШ фаластинликларга ёрдам бериши зарур.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Трамп Ғазо секторини назоратга олиш ниятини билдирган эди. Унинг режаларига кўра, фаластинликларни минтақадан қўшни давлатларга кўчириш лозим.

Бунгача эса Фаластин расмийлари Дональд Трампдан Фаластин давлатининг мустақиллигини тан олишини кутаётган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ливия фаластинликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг