ХЖС Бош прокурори вақтинча лавозимидан кетди
Олам
−
17 Май 4128 2 дақиқа
Халқаро жиноят суди (ХЖС) Бош прокурори Карим Хон унга қарши илгари сурилган жинсий тазйиқ айбловлари бўйича олиб борилаётган суриштирув сабабли вақтинча лавозимидан кетди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, суриштирув якунларига қадар Карим Хон таътилга чиқади. У ўзига қўйилган айбловларни қатъиян рад этмоқда. Бу ҳолат ХЖС амалиётида мисли кўрилмаган воқеа бўлиб, Карим Хоннинг ўрнини қандай тўлдириш бўйича аниқ тартиб мавжуд эмас. Бу эса судга нисбатан АҚШ санкциялари ортидан юзага келган мавжуд инқироз фонида ХЖСда қўшимча ноаниқликларни юзага келтирмоқда. АҚШ санкциялари ХЖС томонидан Исроил амалдорлари учун ҳибсга олиш ордерлари берилганидан сўнг жорий этилган эди.
Хон ўз ходимларига юборган хатида бундай қарорни суднинг нуфузини сақлаб қолиш ва тергов жараёнининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида қабул қилганини билдирган.
“Менинг бу қарорим суд ва прокуратура идорамиз обрўсига чуқур ҳамда собит эътиқод билан содиқ қолганим, шунингдек, барча томонларга нисбатан ҳалоллик ва адолат тамойилларини таъминлаш истагим билан боғлиқ”, дейилади мактубда.
Бунгача инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва айрим суд ходимлари Карим Ханни суриштирув якунигача лавозимидан чекинишга чақирган. Бироқ у бу чақириқларга жавоб бермаган.
Маълумот учун, Карим Хонга қарши айбловлар ўтган йили илгари сурилган бўлиб, уларга кўра 54 ёшли Бош прокурор узоқ вақт давомида аёлга нисбатан жинсий тегажоғлик ва бошқа ҳолатларга йўл қўйган. Ҳозирча суриштирув қачон якунланиши номаълум. Карим Хон бўшатган ўринни ХЖСнинг икки нафар прокурор ўринбосари навбатма-навбат эгаллаб туради.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноят суди ҳозирда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарога ҳамда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига оид уруш жиноятлари бўйича тергов олиб бормоқда. Айнан Карим Хон ташаббуси билан ХЖС Россия Президенти Владимир Путинга ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган.
Лекин, на Россия, на Исроил Халқаро жиноят судининг аъзоси эмас. Иккала давлат ҳам суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва айбловларни рад этади.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь