Сурия Россиядан воз кечиб, Тартус портини БААга топширди
Олам
−
16 Май 9210 2 дақиқа
Суриянинг янги ҳукумати Тартус портини ривожлантириш бўйича Россия билан аввал тузилган шартномани бекор қилиб, Бирлашган Араб Амирликларининг Dubai Ports World (DP World) компанияси билан 800 миллион долларлик янги келишувни имзолади. Бу ҳақда SANA хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурия 2019 йилда порт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Россиянинг “Стройтрансгаз” компанияси билан шартнома имзолаган эди. Лойиҳага кўра, компания 500 миллион долларлик сармоя киритиши керак бўлган. Бироқ, 2025 йилнинг бошида Сурияда янги ҳукуматнинг қарори билан бу шартнома расман бекор қилинган.
БААга тегишли бўлган DP World компанияси билан имзоланган меморандумга кўра, энди Тартус портининг юк ташиш имкониятлари оширилади, янги саноат ҳудудлари ва қуруқликдаги юк терминали қурилади ҳамда порт халқаро савдо марказига айлантирилади.
Маълумот учун, Тартус портида Россиянинг ҳарбий-денгиз кучлари учун мўлжалланган базаси жойлашган. 2017 йилда Россия ва Сурия ушбу базани 49 йил муддатга бепул фойдаланишга келишиб олган эди.
Янги сиёсий ўзгаришлар фонида Россиянинг ҳарбий инфратузилмаси бўйича келишувлар ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин.
2024 йилнинг охирида Сурия ҳукумати ўзгарган ва собиқ президент Башар Асад мамлакатни тарк этган. Ҳокимиятга “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи етакчилигидаги коалиция келган. Улар Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни бошлаган ва янги ташқи иқтисодий йўналишлар изламоқда. Қолаверса, кейинчалик Башар Асад каттагина пул билан Россияга қочгани маълум бўлди. Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шара Россиядан Асадни бир неча маротаба топширишни сўраган, лекин Россия ҳукумати бу таклифни рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Суриядаги иттифоқчисини йўқотганига қарамай, у ердаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш ниятидан воз кечгани йўқлиги, у бунга миллиардлаб доллар сарфлашга тайёрлигини билдирганди.